O‘zbekiston Iqtisod Moliya Texnologiyalar Madaniyat Sport Turizm Dunyo Media OutReach Newswire
O'z Ўз Ру En
Texnologiyalar

Сунъий интеллект Осиёнинг рақамли инфратузилмасига талабларни ўзгартирмоқда

Dilafro'z Niyazova · 02.09.2026 · 17:55 · 29 views
Сунъий интеллект Осиёнинг рақамли инфратузилмасига талабларни ўзгартирмоқда
Сунъий интеллект Осиёнинг рақамли инфратузилмасига талабларни ўзгартирмоқда

Toshkent, O’zbekiston (UzDaily.uz) — Сунъий интеллект Осиё-Тинч океани минтақасининг рақамли инфратузилмасига қўйиладиган талабларни ўзгартирмоқда. Интернетга уланиш сифати ва ҳисоблаш ресурсларининг мавжудлигидаги фарқлар мамлакатлар ўртасидаги рақамли тенгсизликни кучайтириши мумкин. Бу ҳақда ЭСКАТОнинг «Осиё-Тинч океани минтақасида рақамли трансформация — 2026» номли янги ҳисоботида маълум қилинган.

Сунъий интеллектнинг кенг тарқалиши билан рақамли инфратузилма асосан ахборот узатишга йўналтирилган тизим бўлишдан тўхтамоқда. Замонавий тармоқлар, ҳисоблаш қувватлари, маълумотларни қайта ишлаш ва сунъий интеллект технологияларининг уйғунлашуви рақамли инфратузилмани ахборотни таҳлил қилиш ва реал вақт режимида қарор қабул қилишни қўллаб-қувватлаш имконига эга платформага айлантирмоқда.

Бундай имкониятлар қатор амалий вазифаларни ҳал этишда қўлланилиши мумкин. Улар орасида табиий офатларга жавоб қайтариш самарадорлигини ошириш, давлат хизматларини такомиллаштириш, шунингдек, транспорт, энергетика ва бошқа муҳим тизимлар фаолиятини оптималлаштириш бор.

«Дастлаб сунъий интеллект имкониятларини ҳисобга олган ҳолда яратилаётган тармоқ инфратузилмаси мавжуд тенгсизликни кучайтирмасдан, минтақа иқтисодиётларининг барчасига фойда келтириши учун ҳукуматлар миллий даражада ҳам, минтақавий ҳамкорлик доирасида ҳам мақсадли ва мувофиқлаштирилган чоралар кўриши зарур», — деди БМТ Бош котибининг ўринбосари ва ЭСКАТО ижрочи котиби Армида Салсия Алисджахбана.

Ҳисобот муаллифларининг таъкидлашича, рақамли тафовутнинг кейинги босқичи аҳолининг интернетга кириш имконияти билангина белгиланмаслиги мумкин. Мамлакатларнинг инновацион салоҳияти, ҳисоблаш инфратузилмаси, маълумотларни қайта ишлаш ва сунъий интеллект асосида рақамли ечимлар яратиш имкониятлари муҳим аҳамият касб этади.

Осиё-Тинч океани минтақасида рақамли трансформация индекси (ДТИ)нинг ўртача кўрсаткичи 50,28 баллни ташкил этади, дунё бўйича ўртача кўрсаткич эса 49,63 баллга тенг. Шу билан бирга, минтақа давлатлари инновацион салоҳият ва институционал шароитлар бўйича сезиларли даражада фарқ қилади. Даромад даражаси юқори бўлган мамлакатларнинг рақамли ривожланиш натижалари даромад даражаси паст давлатларнинг кўрсаткичларидан қарийб тўрт баравар юқори.

Ҳисоботда сунъий интеллект қўллаб-қувватлайдиган инфратузилмадан амалий фойдаланишга оид мисоллар ҳам келтирилган. Жумладан, СатГПТ каби воситалар оддий матнли сўровлар асосида сув тошқини хавфи юқори бўлган ҳудудлар хариталарини яратиш имконини беради. Бу вазиятни баҳолаш ва фавқулодда ҳолатларга жавоб қайтариш жараёнини тезлаштириши мумкин. Ҳужжатда, шунингдек, эрта огоҳлантириш тизимларида сунъий интеллект ва рақамли технологияларни қўллашнинг илғор ёндашувлари кўриб чиқилган.

Ҳисобот ЭСКАТОнинг Ахборот-коммуникация технологиялари, фан, технологиялар ва инновациялар бўйича қўмитаси мажлиси очилишида тақдим этилди.

Уч кун давомида вазирлар ва давлатларнинг юқори лавозимли вакиллари рақамли имкониятлардан фойдаланишни кенгайтириш, рақамли трансформацияни жадаллаштириш ва рақамли тафовутни қисқартириш мақсадида минтақавий ҳамкорликни мустаҳкамлаш масалаларини муҳокама қилади. «Осиё-Тинч океани ахборот супермагистрали» ташаббусининг 2027–2030 йилларга мўлжалланган ҳаракатлар режасига алоҳида эътибор қаратилади.

Ҳужжат барқарор трансчегаравий рақамли инфратузилмани ривожлантириш, янги технологиялардан фойдаланган ҳолда давлат хизматлари сифатини ошириш, инновацион рақамли ечимлар алмашинувини йўлга қўйиш, шунингдек, маълумотлар билан ишлашнинг хавфсиз ва ишончли тизимларини яратишни назарда тутади.

Бундан ташқари, режа рақамли ривожланишда энг жиддий тўсиқларга дуч келаётган мамлакатлар ва жамоаларни мақсадли қўллаб-қувватлаш ҳамда улар ўртасида билим алмашинувини йўлга қўйишни назарда тутади. Бу уларга сунъий интеллект ва бошқа янги технологиялар тақдим этаётган имкониятлардан тўлиқ фойдаланишга ёрдам бериши керак.