Nukusdagi qozonxona kogeneratsiya yordamida modernizatsiya qilinmoqda
Nukusdagi qozonxona kogeneratsiya yordamida modernizatsiya qilinmoqda
Toshkent, O’zbekiston (UzDaily.uz) — Президент Шавкат Мирзиёев Нукус шаҳридаги қозонхонани когенерация технологиялари асосида модернизация қилиш юзасидан тақдимот билан танишди.
Куз-қиш мавсумида аҳоли хонадонлари ва ижтимоий соҳа объектларини барқарор иссиқлик билан таъминлаш, тизимда энергия тежамкор технологияларни жорий этиш – муҳим вазифа.
Бугунги кунда Нукус шаҳридаги 47 та кўп қаватли уй марказий иситиш тизимига уланган, яна 270 та уй локал иситиш тизимидан фойдаланмоқда. Қолган кўп қаватли уйлардаги хонадонлар турли қўлбола иситиш воситалари орқали иситилмоқда. Бундай воситалар кўп энергия сарфлаши билан бирга одамлар саломатлиги ва ҳаёти учун ҳам жиддий хавф туғдиради.
Шаҳардаги мавжуд марказий қозонхона 1976 йилда қурилган бўлиб, ҳозирда асосан ижтимоий соҳа объектларига хизмат кўрсатмоқда. Унинг ускуналари маънан ва жисмонан эскирган, энергия самарадорлиги эса паст.
Ҳозирги қозонхонада 1 гигакалория иссиқлик ишлаб чиқариш учун қарийб 153 куб метр табиий газ ва 30 киловатт-соат электр энергияси сарфланмоқда. Унинг амалдаги қуввати соатига атиги 1,6 гигакалорияни ташкил этади.
Тақдимотда ушбу қозонхонани давлат-хусусий шериклик асосида когенерация технологиялари билан модернизация қилиш лойиҳаси кўриб чиқилди.
Когенерация технологияси битта ёқилғи манбаидан бир вақтнинг ўзида электр ва иссиқлик энергияси ишлаб чиқариш имконини беради. Бу ресурслардан самарали фойдаланиш, ишлаб чиқариш харажатлари ва атроф-муҳитга чиқариладиган зарарли моддаларни камайтиришга хизмат қилади.
Лойиҳа доирасида соатига 34,4 гигакалория иссиқлик ва 21,5 мегаватт электр энергияси ишлаб чиқариш қувватига эга замонавий мажмуа барпо этилади.
Шунингдек, 28 километр иссиқлик тармоғи тортилиб, 189 та индивидуал иссиқлик пункти ўрнатилади. Кўп қаватли уйлар ва ижтимоий объектларнинг ички иситиш тизимлари тикланади, зарур газ ва электр инфратузилмаси янгиланади.
Биринчи босқичда 136 та кўп қаватли уйдаги қарийб 6 минг хонадон, яъни 23 минг нафар аҳоли ҳамда 40 та ижтимоий соҳа объекти марказлашган иссиқлик таъминоти билан қамраб олинади. Кейинги босқичларда Нукус шаҳридаги барча кўп қаватли уйлар ва ижтимоий соҳа объектларини марказлашган иссиқлик тизимига улаш кўзда тутилган.
Лойиҳанинг дастлабки босқичига 20 миллион доллардан зиёд тўғридан-тўғри хорижий инвестиция жалб қилиниб, мажмуани 2028 йил февраль ойида тўлиқ ишга тушириш режалаштирилган.
Модернизация натижасида қозонхонанинг фойдали иш коэффициенти 80 фоиздан 91 фоизга ошади. Иссиқлик ишлаб чиқариш ҳажми бир неча ўн баробар кўпайиб, йилига 172 минг мегаватт-соатгача электр энергияси ишлаб чиқариш имконияти яратилади.
Йилига 12,2 миллион куб метр табиий газ тежалади, атмосферага чиқариладиган зарарли моддалар ҳажми ҳам сезиларли қисқаради.
Янги мажмуада 19 та иш ўрни яратилади. Соҳа ходимларининг замонавий технологиялардан фойдаланиш ва ускуналарга хизмат кўрсатиш бўйича малакаси оширилади.
Давлатимиз раҳбари лойиҳани амалга оширишда, энг аввало, аҳоли учун барқарор, хавфсиз ва сифатли иссиқлик таъминотини яратиш, қурилиш ишларини белгиланган муддатда ва юқори сифатда бажариш зарурлигини таъкидлади.
Лойиҳа ижросини мувофиқлаштириш ва барча инфратузилма масалаларини ўз вақтида ҳал қилиш бўйича масъулларга аниқ вазифалар қўйилди.
Шунингдек, Нукус шаҳридаги мазкур тажриба асосида кейинчалик Бухоро, Самарқанд, Урганч ва Зарафшон шаҳарларидаги қозонхоналарни ҳам когенерация ва тригенерация технологиялари асосида модернизация қилиш бўйича таклифлар кўриб чиқилди.