7
Ўзбекистон

Тошкентда қонунга хилоф қурилган 18-қават бузиб ташланди

Тошкентда қонунга хилоф қурилган 18-қават бузиб ташланди
Тошкентда қонунга хилоф қурилган 18-қават бузиб ташланди / Фото: UzDaily.

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Тошкент шаҳрининг Яккасарой туманида қурилаётган турар жой биносининг ноқонуний равишда барпо этилган 18-қавати бузиб ташланди. Бунга ёмғир ёғаётган вақтда 17-қават йўлакларига сув кириб кетгани сабаб бўлган. Бу ҳақда Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги соҳасида назорат инспекцияси хабар берди.

Аввалроқ ижтимоий тармоқларда Яккасарой туманида Better Best компанияси томонидан қурилган уйларни ёмғир пайтида сув босиши ҳақидаги видеолар тарқалган эди.

Инспекция ходимлари ушбу маълумотни текширди. Текширув давомида объект Кичик Бешёғоч кўчасида жойлашгани аниқланди.

Кўп қаватли бинo буюртмачи — «Alaniya Stroy Servis» МЧЖ томонидан қурилмоқда.

Идора маълумотларига кўра, бинонинг 17-қавати устида ўзбошимчалик билан қўшимча терраса қурилган бўлиб, у амалда яна бир қаватни ташкил этган. Қурилиш ишлари белгиланган тартибни бузган ҳолда олиб борилган.

Инспекция ноқонуний қурилмани бузиш бўйича ёзма кўрсатма берган. Кўрсатмани бажариш ва 18-қаватни демонтаж қилиш жараёнида ёмғир ёғиши оқибатида сув 17-қават йўлакларига сизиб кирган.

Инспекция маълум қилишича, сув кириши оқибатларини бартараф этиш чоралари кўрилган.

Айни пайтда ноқонуний қурилган қаватни бузиш ишлари якунланган. Объектда том ёпиш ишлари бошланган.

Идора шунингдек, кўп қаватли уй ҳали фойдаланишга қабул қилинмаганини маълум қилди.

 

Дилафруз Ниязова
Дилафруз Ниязова

Дилафруз Ниязова 2025 йилдан буён UzDaily жамоасида фаолият юритиб, нашрнинг ўзбек тилидаги версияси учун масъулдир.