7
Молия

Pegasus Airlines Стамбулдан Ўзбекистоннинг учта шаҳрига рейсларни йўлга қўяди

Pegasus Airlines Стамбулдан Ўзбекистоннинг учта шаҳрига рейсларни йўлга қўяди
Pegasus Airlines Стамбулдан Ўзбекистоннинг учта шаҳрига рейсларни йўлга қўяди / Фото: Pegasus Airlines.

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Туркиянинг Pegasus Airlines авиакомпанияси 2026 йил декабрь ойида Стамбулдан Бухоро ва Андижонга, 2027 йил март ойида эса Термизга тўғридан-тўғри авиақатновларни йўлга қўяди. Бу ҳақда Ўзбекистон Туризм қўмитаси хабар берди.

Бухорога илк рейслар 2026 йил 14 декабрь, Андижонга эса 18 декабрь кунига режалаштирилган. Термизга парвозлар 2027 йил 1 мартдан бошланиши кутилмоқда.

Дастлабки босқичда авиакомпания Бухоро ва Термизга ҳафтасига уч марта, Андижонга эса ҳафтасига икки марта рейсларни амалга оширишни режалаштирган.

Янги йўналишлар ҳақида 11 ноябрь куни Тошкентда Pegasus Airlines тақдимотида эълон қилинди. Тадбирда Ўзбекистон Туризм қўмитаси вакиллари ҳам иштирок этди.

Авиаалоқаларни кенгайтириш бўйича келишувларга Туризм қўмитаси раиси Абдулазиз Аккуловнинг Туркияга ишчи ташрифи давомида эришилган. Авиакомпания раҳбарияти билан музокараларда томонлар мавжуд авиақатновлар сонини ошириш, Стамбул орқали транзит йўловчиларни жалб қилиш ва Ўзбекистоннинг туристик имкониятларини хорижда тарғиб этиш масалаларини муҳокама қилган.

Pegasus Airlines дунёнинг 58 мамлакатидаги 160 дан ортиқ йўналиш бўйича парвозларни амалга оширади. Ташувчининг халқаро йўналишлар тармоғи туфайли янги рейслар нафақат Туркиядан, балки Европа, Яқин Шарқ ва бошқа минтақалардан ҳам сайёҳларни жалб қилиши мумкин.

Тўғридан-тўғри авиақатновларнинг очилиши хорижий сайёҳларга Ўзбекистон бўйлаб саёҳатларини мамлакатнинг бевосита ҳудудларидан бошлаш имконини беради. Бухоро тарихий-маданий меросга қизиқувчи сайёҳларга, Андижон — Фарғона водийсининг диққатга сазовор жойларига, Термиз эса Сурхондарё вилоятининг археологик ва тарихий объектларига йўналтирилган.

Томонлар, шунингдек, қўшма маркетинг кампаниялари, танишув сафарлари ва туроператорлар билан B2B форматидаги ишбилармонлик учрашувларини ташкил этиш масалаларини кўриб чиқишга келишиб олди.

Келгусида Pegasus Airlines авиакомпаниясининг Қарши ва Нукус шаҳарларига рейсларини очиш масаласи ҳам кўриб чиқилиши мумкин.

 

Дилафруз Ниязова
Дилафруз Ниязова

Дилафруз Ниязова 2025 йилдан буён UzDaily жамоасида фаолият юритиб, нашрнинг ўзбек тилидаги версияси учун масъулдир.