Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Иракли Элашвили Асакабанк бошқаруви раиси этиб тасдиқланди. У бунга қадар OTP Group таркибига кирувчи Ipoteka bank бошқаруви раисининг ўринбосари лавозимида ишлаган. Бу ҳақда Асакабанк матбуот хизмати хабар берди.
Банк маълумотларига кўра, Элашвили банк ва молия соҳасида 20 йилдан ортиқ халқаро иш тажрибасига эга. У 2002 йилда Тбилиси давлат университетини тамомлаган, кейинчалик London Business School’да бизнес бошқаруви магистри (MBA) даражасини олган.
Элашвили турли йилларда Barclays Capital, TBC Capital, FINCA Bank ва Alpha Capital Advisory компанияларида фаолият юритган. Бундан ташқари, Hamkorbank кузатув кенгаши аъзоси бўлган.
2024 йил декабрь ойида Элашвили Ipoteka bank бошқаруви раисининг ўринбосари этиб тайинланган эди. 2026 йил сентябрь ойида у ушбу лавозимни тарк этди.
Асакабанк маълум қилишича, янги раис раҳбарлигида банк трансформация жараёнини давом эттириш, корпоратив бошқарувни такомиллаштириш, операцион самарадорликни ошириш ва рақамли банк хизматларини ривожлантиришни режалаштирмоқда.
Устувор йўналишлар қаторида молиявий барқарорликни мустаҳкамлаш, мижозларга хизмат кўрсатиш сифатини ошириш, халқаро молия институтлари билан ҳамкорликни кенгайтириш ва хусусийлаштиришга тайёргарлик кўриш ҳам белгиланган.
Асакабанк бошқаруви раиси лавозими учун очиқ танловни 2026 йил 26 февраль куни эълон қилган эди. Банкнинг 2023 йил февраль ойидан буён ушбу лавозимда ишлаб келган собиқ раҳбари Қудратилла Тўлаганов шу ойда Тошкент шаҳрининг Олмазор тумани ҳокими этиб тайинланган.