Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Ўзбекистон тижорат банклари 2026 йил 1 октябрь ҳолатига кўра, «Камбағалликдан фаровонлик сари» дастури доирасида жами 35,9 млрд сўмлик 2 362 та кредит ажратди.
Маблағлар аҳоли даромад манбаларини кенгайтириш, ўзини ўзи банд қилиш ва кичик ишлаб чиқаришни ривожлантириш мақсадида ускуналар ҳамда бошқа асосий воситаларни харид қилишга йўналтирилган.
Маблағларнинг энг катта қисми тикувчилик ускуналарини сотиб олиш учун ажратилган. Жумладан, 925 та тикув машинасини харид қилиш 13,2 млрд сўмлик кредитлар ҳисобидан молиялаштирилган. Яна 419 дона озиқ-овқат маҳсулотлари ишлаб чиқариш ускунасини харид қилиш учун 7,1 млрд сўм йўналтирилган.
Бундан ташқари, кредитлар ҳисобига 5,6 млрд сўмга 496 та ноутбук ва 5,4 млрд сўмга 272 та мототранспорт воситаси сотиб олинган. Бошқа турдаги 250 та асосий воситани харид қилиш учун эса 4,5 млрд сўм ажратилган.
Кредит ажратиш ҳажми бўйича банклар орасида Xalq banki етакчилик қилмоқда. Банк томонидан 23,6 млрд сўмлик 1 587 та кредит берилган. Mikrokreditbank 8,6 млрд сўмлик 569 та, Agrobank эса 3,6 млрд сўмлик 206 та кредит ажратган.
Ҳудудлар кесимида энг кўп кредит Жиззах вилоятида — 321 та ажратилган. Кейинги ўринларда 307 та кредит билан Тошкент вилояти ва 262 та кредит билан Сирдарё вилояти қайд этилган.
Дастур аҳолининг тадбиркорлик ташаббусларини қўллаб-қувватлаш, оилалар даромадини ошириш ҳамда фаолият юритиш учун ускуналар ва бошқа воситаларни харид қилиш орқали қўшимча даромад манбаларини яратишни назарда тутади.