Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Наманган вилоятида 2026 йил бошидан буён умумий қиймати 467,2 млрд сўмлик 59 та давлат активи сотилди.
Бундан ташқари, электрон онлайн-аукционлар орқали умумий майдони 140,7 гектар бўлган 797 та ер участкаси сотилди. Бу ҳақда Ўзбекистон Давлат активларини бошқариш агентлиги матбуот хизмати хабар берди.
Ушбу маълумотлар 21 октябрь куни агентлик томонидан Давлатобод туманида тадбиркорлар ва инвесторлар учун ташкил этилган Roadshow тадбирида тақдим этилди.
Тадбирда Наманган вилояти ҳокими Шавкатжон Абдураззоқов, давлат ва ҳудудий ташкилотлар, фуқаролик жамияти институтлари вакиллари, шунингдек, 300 нафардан ортиқ тадбиркор ва инвестор иштирок этди.
Агентликнинг вилоят ҳудудий бошқармаси бошлиғи Бекзод Матмусаевнинг маълумотига кўра, йил давомида умумий қиймати 548,5 млрд сўмлик 68 та давлат активи савдога чиқарилган. Уларнинг 59 таси 467,2 млрд сўмга сотилган.
Ҳозирда умумий қиймати 362,2 млрд сўмлик яна 55 та объект аукционларга қўйилган.
2026 йилда вилоятда фуқаролар ва тадбиркорларнинг доимий фойдаланишида, ижарасида ва умрбод эгалигида бўлган, умумий майдони 19,6 гектарни ташкил этувчи 79 та ер участкаси ҳам хусусийлаштирилди. Ушбу битимларнинг умумий қиймати 1,3 млрд сўмни ташкил этди.
Ер участкаларини сотиб олган мулкдорлар улардан гаров сифатида фойдаланиш ёки қонунчиликда белгиланган тартибда қисмларга бўлиб бошқа шахсларга ўтказиш имкониятига эга бўлди.
Йил бошидан буён электрон аукционлар орқали умумий майдони 140,7 гектар бўлган 797 та ер участкаси сотилди. Айни пайтда умумий майдони 240,6 гектар бўлган ер участкалари бўйича савдолар давом этмоқда.
Учрашувда Ўзбекистон Президентининг 2026 йил 28 августдаги ПФ-177-сон фармони билан тасдиқланган 2026 йилги хусусийлаштириш дастурида назарда тутилган шартлар ҳам тушунтирилди.
Жумладан, давлат активлари ва қишлоқ хўжалигига мўлжалланмаган ер участкаларини сотиб олишда объект қийматининг 15 фоизи миқдорида дастлабки тўловни амалга ошириш, қолган суммани эса қонунчиликда белгиланган шартлар ва муддатларда фоизсиз бўлиб-бўлиб тўлашга рухсат берилган.
Қиймати 23 минг базавий ҳисоблаш миқдоридан юқори бўлган айрим давлат кўчмас мулк объектлари ва қиймати 8 минг базавий ҳисоблаш миқдоридан юқори бўлган қишлоқ хўжалигига мўлжалланмаган ер участкалари учун шартномавий қийматдан 25 фоиз чегирма тақдим этилиши белгиланган.
Чегирмадан фойдаланиш учун харидор объект қийматини олти ой ичида тўлиқ тўлаши ва қонунчиликда белгиланган шартларга риоя қилиши керак.
Ташкилотчиларнинг таъкидлашича, Roadshow тадбири олтинчи йилдирки, мунтазам ўтказиб келинмоқда. У тадбиркорлар ва инвесторларни хусусийлаштиришга чиқарилаётган давлат активлари ҳамда ер участкаларини сотиб олиш имкониятлари ҳақида хабардор қилишга қаратилган.