Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Ўзбекистон Марказий банки мижозларнинг топшириғисиз кредит қарздорлигини қоплаш учун уларнинг банк карталаридан маблағ ечиб олишга чеклов жорий этмоқда.
Тўловлар ундирилганидан кейин мижознинг ҳисобварақларида меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдорининг (МҲТЭКМ) камида ярмига тенг маблағ қолиши керак.
Тегишли ўзгартишлар тижорат банкларининг банк хизматлари истеъмолчилари билан ўзаро муносабатларни амалга оширишдаги фаолиятига қўйиладиган минимал талаблар тўғрисидаги низомга киритилди.
Янги қоида мижознинг топшириғисиз унинг барча банк карталари ҳисобварақларидан кредит ёки кафиллик бўйича тўловларни ундириш ҳолатларига тааллуқли. Бундай вазиятларда банк ҳисобварақларда МҲТЭКМнинг ярмига тенг маблағни сақлаб қолиши шарт бўлади.
Ҳозирги вақтда Ўзбекистонда меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдори 1 миллион 360 минг сўмни ташкил этади.
Шундай қилиб, маблағ ечиб олинганидан кейин мижознинг банк карталарида камида 680 минг сўм қолиши керак.
Ўзгартишлар уч ойдан кейин кучга киради.