Иқтисод

Жиззах вилоятида ўзбек заъфарони плантациялари кенгайтирилмоқда

Жиззах вилоятида ўзбек заъфарони плантациялари кенгайтирилмоқда
Жиззах вилоятида ўзбек заъфарони плантациялари кенгайтирилмоқда / Фото: Ўзбекистон Қишлоқ хўжалиги вазирлиги.

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Жиззах вилоятининг Бахмал туманида янги ер майдонларида заъфаронни синов тариқасида экиш ишлари бошланди.

Ишлар «BMB ZA'FARON» плантацияларини 820 гектардан 900 гектаргача кенгайтиришга қаратилган. Бу ҳақда Ўзбекистон Қишлоқ хўжалиги вазирлиги хабар берди.

4 октябрь куни плантацияларда пресс-тур ташкил этилди.

Оммавий ахборот воситалари ва жамоатчилик вакиллари заъфарон экиш жараёни, янги ерларни ўзлаштириш ҳамда лойиҳани янада ривожлантириш истиқболлари билан танишди.

Тадбир доирасида янги майдонларга заъфарон пиёзчалари экилди. ОАВ вакилларига, шунингдек, ўсимликларни экиш ва парваришлаш технологиялари, ҳосилдорлик, маҳсулотни қайта ишлаш ҳамда экспорт йўналишлари ҳақида маълумот берилди.

Пресс-турда BMB Holding муассислар кенгаши раиси Бекзод Маматқулов ва Италиянинг HT Holding компанияси президенти, хорижий ҳамкор ва инвестор Роберто Туччи иштирок этди.

Томонлар Ўзбекистон ва Италия ўртасидаги инвестициявий ҳамкорликни янада ривожлантириш, хорижий тажрибани жорий этиш ва ўзбек заъфаронини халқаро бозорларда илгари суриш масалаларини муҳокама қилди.

Компания маълум қилишича, сўнгги икки йил давомида плантацияларни кенгайтириш учун хориждан импорт қилинган эмас, балки бевосита маҳаллий плантацияларда етиштирилган заъфарон пиёзчаларидан фойдаланилмоқда.

«BMB ZA'FARON» бренди остида етиштирилаётган заъфарон ва унинг асосида тайёрланадиган 20 дан ортиқ турдаги маҳсулот ҳозирги вақтда Италия, Австрия, Нидерландия, Франция, АҚШ, Тожикистон, Саудия Арабистони ва бошқа мамлакатларга экспорт қилинмоқда.

Лойиҳани амалга ошириш минтақа аҳолиси учун иш ўринларини ҳам яратмоқда.

Ташкилотчилар маълумотларига кўра, мавсумий ишлар билан қарийб 30 минг нафар маҳаллий аҳоли таъминланган, яна 500 нафардан ортиқ киши доимий иш билан таъминланган.

 

Дилафруз Ниязова
Дилафруз Ниязова

Дилафруз Ниязова 2025 йилдан буён UzDaily жамоасида фаолият юритиб, нашрнинг ўзбек тилидаги версияси учун масъулдир.