Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Ўзбекистон ва Туркия қўшма саноат ташаббусларини муҳокама қилиш учун 2027 йил апрель ойи бошида туркиялик тадбиркорлар делегациясининг ташрифини ташкил этишга келишиб олди. Бу ҳақда Ўзбекистон Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги хабар берди.
Келишув 13 ноябрь куни вазирнинг биринчи ўринбосари Саидқаҳҳор Холхўжаевнинг Туркиядаги Ҳожи Сабанжи номидаги уюшган саноат зонаси директори Эрсин Акпинар билан учрашуви давомида эришилди.
Туркия томони саноат зонаси фаолияти, унинг ишлаб чиқариш имкониятлари ва эришилган натижалар ҳақида маълумот берди. Учрашув иштирокчилари саноат зоналарини ривожлантириш бўйича тажриба алмашиш ҳамда икки томонлама ҳамкорликни кенгайтириш истиқболларини муҳокама қилди.
Томонлар туркиялик компаниялар иштирокидаги инвестиция лойиҳаларига алоҳида эътибор қаратди. Шунингдек, Ўзбекистоннинг ишлаб чиқариш салоҳиятидан фойдаланиш ва саноат кооперациясини ривожлантириш имкониятлари кўриб чиқилди.
Туркиялик тадбиркорларнинг бўлажак ташрифи қўшма ташаббусларни батафсил ишлаб чиқиш имконини бериши кутилмоқда. Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги уларни амалий жиҳатдан рўёбга чиқаришга кўмаклашишга тайёрлигини билдирди.