Ўзбекистон

Тошкентда автобус ҳайдовчиси ўз транспорти ғилдираклари остида ҳалок бўлди

Тошкентда автобус ҳайдовчиси ўз транспорти ғилдираклари остида ҳалок бўлди
Тошкентда автобус ҳайдовчиси ўз транспорти ғилдираклари остида ҳалок бўлди / Фото: UzDaily.

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — 7 ноябрь куни Тошкент шаҳрида 82-йўналиш автобуси ҳайдовчиси ўз транспорт воситаси ғилдираклари остида қолиб, ҳалок бўлди. Ҳодиса автобус ўз-ўзидан ҳаракатлана бошлаганидан кейин содир бўлган. Бу ҳақда «Тошшаҳартрансхизмат» АЖ матбуот хизмати хабар берди.

Компания маълумотига кўра, J.Z. бош ҳарфлари билан кўрсатилган ҳайдовчи «18-автобус саройи» филиалида ишлаган. У бекатда йўловчиларни туширгандан сўнг автобусни тўхтатган, бироқ қўл тормозини ишга туширмасдан салонни тарк этган.

Натижада автобус ўз-ўзидан ҳаракатлана бошлаган. Буни пайқаган ҳайдовчи транспорт воситасини тўхтатишга уринган, аммо автобус ғилдираклари остида қолган. Оқибатда бахтсиз ҳодиса юз бериб, эркак вафот этган.

«Тошшаҳартрансхизмат»да мазкур воқеа жамоа учун оғир йўқотиш бўлгани таъкидланиб, марҳумнинг оила аъзолари, яқинлари ва ҳамкасбларига ҳамдардлик билдирилди.

Компания марҳумнинг яқинларига сабр-тоқат ва матонат тилади.

 

Дилафруз Ниязова
Дилафруз Ниязова

Дилафруз Ниязова 2025 йилдан буён UzDaily жамоасида фаолият юритиб, нашрнинг ўзбек тилидаги версияси учун масъулдир.