Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — 2026 йил 1 ноябрдан Ўзбекистонда божхона, пенсия таъминоти, суюлтирилган газ етказиб бериш, жамоат хавфсизлиги ва реклама соҳаларига оид қонунчилик ўзгаришлари кучга киради. Шарҳ norma.uz портали томонидан тайёрланган.
Божхона
Халқаро курьерлик жўнатмаларини расмийлаштириш учун ундириладиган божхона йиғими ставкаси 20 фоизга камайтирилади.
Пенсиялар
Фуқароларнинг айрим тоифаларига ёшга доир пенсияни белгиланган умумий ёшдан икки йил олдин тайинлаш проактив шаклга ўтказилади.
Зарарли ва оғир меҳнат шароитларида ишлаган шахсларга, шунингдек, умумий белгиланган ёшни қисқартирган ҳолда пенсия олиш ҳуқуқига эга бўлган фуқароларга Давлат хизматлари марказлари (ДХМ) ва Ягона интерактив давлат хизматлари портали (ЯИДХП) орқали хизмат кўрсатилади.
Суюлтирилган газ
«LPG-Trade» МЧЖ томонидан суюлтирилган газни харид қилиш ва аҳолига етказиб бериш биржа орқали амалга оширилади. Ижтимоий соҳа объектлари компаниядан бозор тамойиллари асосида шаклланадиган биржа нархларида суюлтирилган газ олади.
Жамоат хавфсизлиги
Ички ишлар органларининг патруль-пост хизмати (ППХ) ва қўриқлаш хизмати нарядлари «112» ягона рақамига келиб тушган жиноятлар ҳақидаги хабарлар бўйича нафақат жамоат жойларига, балки турар жойларга ҳам етиб боради.
Бундан ташқари, оммавий тадбирларда жамоат тартибини бузган шахсларга келгусида ўтказиладиган шунга ўхшаш тадбирларга кириш чекланади.
Бизнес ва реклама
Электр энергияси ва табиий газни ҳисобга олишнинг автоматлаштирилган тизимларига уланган тадбиркорлар учун ойлик истеъмол бўйича олдиндан тўлов миқдори 15 фоиз этиб белгиланади.
Товарлар, ишлар ва хизматларни SMS орқали реклама қилишга фақат абонентнинг ёзма ёки электрон розилиги олинганидан кейин рухсат этилади.
Мобил алоқа орқали реклама қўнғироқлари ва хабарномаларини соат 18:00 дан 9:00 гача тарқатиш тақиқланади. Мобил алоқа операторлари абонентнинг сўровига кўра бундай қўнғироқлар ва хабарномаларни тўлиқ ёки қисман блоклаши шарт.