Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — АҚШ Давлат котиби Марко Рубио президент Дональд Трампнинг Марказий Осиёга, жумладан, Ўзбекистонга ташриф буюриши мумкинлигини истисно этмади. Унинг сўзларига кўра, Вашингтон бундай сафарни ташкил этишдан манфаатдор ва келгуси йил давомида унинг эҳтимолий муддатларини муҳокама қилишни режалаштирмоқда. Шу билан бирга, Рубио давлат раҳбарининг келгуси иш жадвали ҳақида изоҳ бера олмаслигини таъкидлади.
Давлат котибининг қўшимча қилишича, Трампнинг ўзи ҳам иш жадвали имкон берса, минтақага ташриф буюриш истагини билдирган.
Рубионинг сўзларига кўра, Ўзбекистон билан ҳамкорлик доирасида томонлар икки томонлама масалаларнинг кенг доирасини муҳокама қилмоқда. У икки мамлакат ўртасидаги муносабатлар, энг аввало, келишмовчиликлар ёки низоларга эмас, балки ҳамкорлик имкониятларига асосланишини қайд этди.
Рубио, шунингдек, Ўзбекистон жадал ривожланаётгани ва аҳоли фаровонлигини ошириш учун янги имкониятлар яратаётганини таъкидлади. Унинг айтишича, Америка компаниялари ушбу жараёнларда иштирок этишдан манфаатдор.
«Муносабатларни ҳеч нарса умумий фаровонликчалик мустаҳкамлай олмайди. Биз ҳамкорлигимизни айнан шу асосда қурмоқчимиз», — дея хулоса қилди АҚШ Давлат департаменти раҳбари.