7
Ўзбекистон

Мирзиёев Самарқандда Қирғизистон Ташқи ишлар вазирлиги раҳбарини қабул қилди

Мирзиёев Самарқандда Қирғизистон Ташқи ишлар вазирлиги раҳбарини қабул қилди
Мирзиёев Самарқандда Қирғизистон Ташқи ишлар вазирлиги раҳбарини қабул қилди / Фото: Ўзбекистон Республикаси Президенти матбуот хизмати.

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев “С5+1” форматидаги ташқи ишлар вазирлари учрашувида иштирок этиш учун Самарқанд шаҳрига келган Қирғиз Республикаси ташқи ишлар вазири Жээнбек Кулубаевни қабул қилди.

Ташқи сиёсат идораси раҳбари мамлакатимиз етакчисига Қирғиз Республикаси Президенти Садир Жапаровнинг самимий саломи ва энг эзгу тилакларини етказди.

Ўзбекистон – Қирғизистон дўстлик, яхши қўшничилик ва иттифоқчилик муносабатларини янада мустаҳкамлашнинг долзарб масалалари кўриб чиқилди.

Президентимизнинг жорий йил июль ойида Қирғизистонга амалга оширган давлат ташрифи давомида эришилган келишувларни ҳаётга татбиқ этишга алоҳида эътибор қаратилди.

Товар айирбошлаш ҳажмининг ижобий ўсиш суръати, етакчи корхоналар ва ҳудудлар ўртасидаги кооперация алоқалари йўлга қўйилгани, энергетика ва транспорт соҳаларида йирик минтақавий лойиҳалар амалга оширилаётгани мамнуният билан қайд этилди.

Келгуси йилга мўлжалланган маданий-гуманитар тадбирлар ва ҳудудлар даражасидаги алмашинувлар режасини қабул қилиш муҳимлиги таъкидланди.

Томонлар Марказий Осиё минтақасидаги ҳамкорликнинг долзарб масалалари юзасидан ҳам фикр алмашдилар.

Дилафруз Ниязова
Дилафруз Ниязова

Дилафруз Ниязова 2025 йилдан буён UzDaily жамоасида фаолият юритиб, нашрнинг ўзбек тилидаги версияси учун масъулдир.