7
Ўзбекистон

Андижон вилояти Беларусьнинг Витебск вилояти билан ҳамкорликни ривожлантирмоқда

Андижон вилояти Беларусьнинг Витебск вилояти билан ҳамкорликни ривожлантирмоқда
Андижон вилояти Беларусьнинг Витебск вилояти билан ҳамкорликни ривожлантирмоқда

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Андижон вилояти ҳокими Шуҳратбек Абдураҳмонов бошчилигидаги делегация Беларусь Республикасининг Витебск вилоятига ташриф буюрди. Ишчи ташриф давомида томонлар таълим, қишлоқ хўжалиги ва қўшма инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш соҳаларидаги ҳамкорлик истиқболларини муҳокама қилмоқда.

Ташриф дастури Витебск шаҳрини озод қилишда ҳалок бўлган ўзбекистонлик жангчилар хотирасига бағишланган ёдгорлик белгисининг очилиш маросимида иштирок этиш билан бошланди.

Маросимда Андижон вилояти делегацияси вакиллари, Витебск вилояти ижроия қўмитаси раиси Александр Рогожник ва Ўзбекистоннинг Беларусдаги элчиси иштирок этди.

Тадбир қатнашчилари ҳалок бўлганлар хотирасини ёд этиб, мемориалга гуллар қўйди. Унда 17,9 мингдан ортиқ жангчининг исми абадийлаштирилган бўлиб, улар орасида Ўзбекистонда туғилган 700 нафардан зиёд ҳарбий хизматчи ҳам бор. Уларнинг қарийб 50 нафари Андижон вилоятидан бўлган.

Таълим соҳасидаги ҳамкорлик

Ташриф доирасида делегация Витебск давлат университетига бориб, таълим жараёнининг ташкил этилиши, илмий фаолият ва олий таълим муассасасининг имкониятлари билан танишди.

Музокараларда икки ҳудуд таълим муассасалари ўртасидаги ҳамкорликни кенгайтириш, ўқитиш сифатини ошириш мақсадида тажриба алмашиш, ўқитувчилар ва талабаларнинг академик мобиллигини ривожлантириш истиқболлари кўриб чиқилди. Шунингдек, қўшма таълим дастурлари ва илмий-тадқиқот лойиҳаларини амалга ошириш масалалари муҳокама қилинди.

Шуҳратбек Абдураҳмонов Витебск давлат университетида таҳсил олаётган, Беларусда стажировка ўтаётган ёки малакасини ошираётган Андижон вилоятидан чиққан ёшлар билан учрашди. У уларнинг таълим олиш ва яшаш шароитлари, дуч келаётган қийинчиликлари ҳамда таклифлари билан қизиқди.

Талабаларни қўллаб-қувватлаш ва уларнинг касбий компетенцияларини ривожлантириш учун зарур шароитларни яратиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.

Қишлоқ хўжалигида қўшма лойиҳалар

Музокараларнинг яна бир йўналиши аграр соҳадаги ҳамкорлик бўлди. Витебск вилоятининг Ушачи туманида Ўзбекистонлик инвесторлар иштирокида йирик шохли қорамол етиштиришни ривожлантиришни режалаштираётган «Андижан маяк» масъулияти чекланган жамияти ташкил этилган.

Александр Рогожник ва Шуҳратбек Абдураҳмонов туманга ташриф буюриб, мазкур ташаббусни амалга ошириш истиқболларини муҳокама қилди. Кутилишича, лойиҳа икки ҳудуднинг аграр салоҳиятини бирлаштириш, тажриба алмашиш ва инвестициявий ҳамкорликни кенгайтиришга хизмат қилади.

Ташриф Андижон ва Витебск вилоятлари ўртасидаги алоқаларни мустаҳкамлаш, таълим ва илм-фан соҳаларидаги ҳамкорликни ривожлантириш, ёшларни қўллаб-қувватлаш ҳамда қўшма иқтисодий ташаббусларни илгари суришга қаратилган.

 

Дилафруз Ниязова
Дилафруз Ниязова

Дилафруз Ниязова 2025 йилдан буён UzDaily жамоасида фаолият юритиб, нашрнинг ўзбек тилидаги версияси учун масъулдир.