Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — 16 октябрь куни Ўзбекистонда Германиянинг Prosica компанияси маслаҳатчиси Транг До билан учрашув бўлиб ўтди. Унда таълим ва касбий тайёргарлик соҳаларида ҳамкорликни ривожлантириш истиқболлари муҳокама қилинди. Бу ҳақда Ўзбекистон Иқтисодиёт ва молия вазирлигининг Ахборот хизмати ва коммуникациялар бошқармаси хабар берди.
Учрашув иштирокчилари мамлакатнинг айрим ҳудудларидаги мактабларда замонавий таълим дастурларини жорий этиш, рақамли платформалардан фойдаланиш ва ўқувчиларнинг амалий кўникмаларини ривожлантириш имкониятларини кўриб чиқдилар.
Илғор технологиялар асосида ишлаб чиқилган интеллектуал таълим платформасига алоҳида эътибор қаратилди. Томонлар унинг ўқув жараёнига интеграция қилиниши ва таълим самарадорлигини ошириш салоҳиятини муҳокама қилдилар.
Музокараларнинг яна бир йўналиши халқаро меҳнат бозорида талаб юқори бўлган касблар бўйича ёш мутахассисларни тайёрлашдан иборат бўлди.
Томонлар немис тилини ўргатиш, хорижий иш берувчилар талабларини ҳисобга олган ҳолда малака ошириш, шунингдек, халқаро стандартлар асосида ихтисослаштирилган ўқув курсларини ишлаб чиқиш ва тегишли сертификатларни олиш имкониятларини муҳокама қилдилар.
Бундан ташқари, иштирокчилар таълим дастурларини халқаро талабларга мувофиқлаштириш, ўқув курсларини молиялаштириш механизмлари ҳамда ёшларнинг касбий тайёргарлигини меҳнат бозори эҳтиёжларига мослаштириш юзасидан фикр алмашдилар.
Учрашув якунлари бўйича томонлар мактаб таълимини такомиллаштириш, ёш мутахассисларнинг касбий компетенцияларини ривожлантириш ва халқаро ҳамкорликни кенгайтиришга қаратилган ташаббусларни амалга ошириш имкониятларини кўриб чиқдилар.
Шу билан бирга, хабарда ташаббусларни амалга оширишнинг аниқ муддатлари ва эҳтимолий қўшма лойиҳалар параметрлари кўрсатилмаган.