Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Uzum Market маркетплейси юқори талаб даври олдидан янги инфратузилмани синовдан ўтказиш вақтида юзага келган техник носозликдан кейин ўз фаолиятини тиклашни бошлади.
Омборда буюртмаларни йиғиш жараёни аллақачон қайта бошланган. Яқин вақт ичида эса 7, 8 ва 9 октябрь кунларига тегишли юк хатлари бўйича товарларни қабул қилиш ҳам йўлга қўйилади.
Бутун мамлакат бўйлаб буюртмаларни топшириш пунктлари одатий тартибда ишлашда давом этмоқда. Харидорлар SMS-хабарномада кўрсатилган рақамни ёки буюртма расмийлаштирилган шахснинг исмини айтиш орқали ўз буюртмаларини олишлари мумкин.
Сотувчилар ҳам ушбу хизмат мавжуд бўлган буюртмаларни топшириш пунктлари орқали товарларни етказиб бериш учун омборга юборишлари мумкин.
Компания буюртмаларни топшириш пунктларида сақлаш муддатини узайтирди. Uzum Market сайти, мобил иловаси ва сотувчиларнинг шахсий кабинети қачон тўлиқ тикланиши ҳақида қўшимча маълумот берилади.
Компания маълумотларига кўра, техник носозлик бир кун олдин талаб юқори бўладиган даврга тайёрланаётган янги инфратузилмани синовдан ўтказиш жараёнида юзага келган.
Uzum компанияси маркетплейс фойдаланувчилари ва ҳамкорларининг маълумотлари ҳимояланганини, улар киберхавфсизлик талаблари ҳамда Ўзбекистон қонунчилигига мувофиқ сақланиши ва қайта ишланишини маълум қилди.
Сотувчилар ва харидорларга компенсация
Uzum Market франчайзинг асосидаги буюртмаларни топшириш пунктлари эгаларига техник носозлик туфайли олинмаган даромадни қоплаб беришни ваъда қилди. Бундан ташқари, сотувчилар учун товарларни логистика орқали етказиш ва сақлаш хизматлари октябрь ойи охиригача бепул бўлади.
Техник носозлик сабабли буюртмаларини олиш имконига эга бўлмаган фойдаланувчилар маркетплейсдаги кейинги харидлари учун промокодларга эга бўладилар.
Компания юзага келган ноқулайликлар учун харидорлар ва сотувчилардан узр сўради ҳамда уларга сабр-тоқат кўрсатганликлари учун миннатдорчилик билдирди.