Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — 7 октябрь куни Истанбулда пойабзал саноати, чарм маҳсулотлари ва турдош тармоқларга бағишланган AYMOD 2026 халқаро кўргазмаси очилди. Унда «Ўзчармсаноат» уюшмаси раиси вазифасини бажарувчи Алиёр Латипов бошчилигидаги Ўзбекистон делегацияси иштирок этмоқда.
Ўзбекистон делегацияси таркибига мамлакат чарм-пойабзал саноатини намоён этувчи 20 га яқин тадбиркор кирди. Шунингдек, 10 га яқин ўзбекистонлик компания кўргазмада алоҳида стендлар орқали ўз маҳсулотларини тақдим этди.
AYMOD кўргазмасида иштирок этиш Ўзбекистон корхоналарига маҳаллий маҳсулотларни халқаро аудиторияга намойиш этиш, янги ишбилармонлик алоқаларини ўрнатиш ва хорижий ҳамкорларни топиш имконини беради.
Иштирокдан кўзланган мақсадлардан бири чарм-пойабзал саноати корхоналарининг экспорт имкониятларини кенгайтириш ҳамда уларнинг маҳсулотларини хорижий бозорларда илгари суришдан иборат.
AYMOD 2026 кўргазмаси 10 октябрга қадар давом этади.