Иқтисод

Tashkent Content Market Бокудаги форумда тақдим этилди

Tashkent Content Market Бокудаги форумда тақдим этилди
Tashkent Content Market Бокудаги форумда тақдим этилди / Фото: Tashkent Content Market.

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Tashkent Content Market (TCM) 2 октябрь куни Бокуда бўлиб ўтган CICA Media Forum доирасида халқаро медиа ҳамжамиятига тақдим этилди.

Янги платформа тақдимоти Озарбайжон Медиа ва телерадиотрансляция кенгаши кўмагида ўтказилди. Тадбирда Озарбайжон медиа саноати вакиллари ҳамда халқаро форум иштирокчилари қатнашди.

Tashkent Content Market Ўзбекистонда ишлаб чиқарилаётган контентни халқаро бозорда илгари суриш учун майдон сифатида ташкил этилган. Платформа телевидение, кино, ҳужжатли, кўнгилочар ва рақамли контентга йўналтирилган.

TCM доирасида ўзбекистонлик контент ишлаб чиқарувчилар ўз лойиҳаларини хорижий телеканаллар, рақамли платформалар ва продюсерлик компанияларига тақдим этиш, шунингдек, халқаро ҳамкорлар билан қўшма лойиҳаларни ривожлантириш имкониятига эга бўлади.

Tashkent Content Market иштирокчилари қаторида Amazon MGM Studios, BBC Studios, CNN, Sony, Netflix, YouTube, Warner Bros., ZDF, Canal+ ва TF1 каби йирик халқаро медиа компаниялар ва платформалар қайд этилган.

Платформа Ўзбекистон контент ишлаб чиқарувчиларининг хорижий аудитория ва янги бозорларга чиқиш имкониятларини кенгайтириш, шунингдек, халқаро ҳамкорлик учун янги имкониятлар яратишга хизмат қилиши кутилмоқда.

Келгусида Tashkent Content Market’ни Марказий Осиёнинг йирик контент платформаларидан бири сифатида ривожлантириш режалаштирилган.

У турли мамлакатлар телеканаллари, продюсерлари, дистрибьюторлари ва контент ҳуқуқи эгаларини ягона майдонда бирлаштириши кўзда тутилмоқда.

Tashkent Content Market’да иштирок этиш ҳақидаги маълумотлар tcm.uz сайтида мавжуд.

 

Дилафруз Ниязова
Дилафруз Ниязова

Дилафруз Ниязова 2025 йилдан буён UzDaily жамоасида фаолият юритиб, нашрнинг ўзбек тилидаги версияси учун масъулдир.