Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Ўзбекистон Саноат кооперацияси ва давлат харидлари агентлиги ходимлари Ухань ва Шанхай шаҳарларида ташкил этилган сунъий интеллект, рақамли технологиялар ва инновацион ечимларга бағишланган халқаро семинарлар ҳамда амалий машғулотларда иштирок этди. Бу ҳақда Саноат кооперацияси ва давлат харидлари агентлиги хабар берди.
Тадбирлар доирасида иштирокчилар давлат бошқаруви ва давлат хизматларини кўрсатишда сунъий интеллектдан фойдаланиш бўйича халқаро тажрибани ўрганди.
Давлат харидлари соҳасида рақамли трансформация, замонавий технологиялардан фойдаланиш, маълумотларни қайта ишлаш ва таҳлил қилиш, шунингдек, бошқарувнинг янги ёндашувларига алоҳида эътибор қаратилди.
Дастур доирасида Хитойнинг иқтисодий ва саноат ривожланиши, ҳудудий бошқарув, қулай бизнес муҳитини шакллантириш, халқаро ҳамкорлик ва давлат бошқарувининг замонавий усуллари бўйича тақдимотлар ўтказилиб, фикр алмашилди.
Агентлик маълумотларига кўра, семинарларда иштирок этиш ходимларга сунъий интеллект ва рақамли технологиялар соҳасидаги билим ҳамда амалий кўникмаларини кенгайтириш, шунингдек, инновацион ечимларни жорий этиш бўйича хорижий ёндашувларни ўрганиш имконини беради.
Олинган тажрибани давлат харидлари ва саноат кооперацияси соҳаларидаги жараёнларни рақамлаштириш бўйича янги ёндашувларни ишлаб чиқишда инобатга олиш режалаштирилмоқда.