Молия

Ўзбекистон хусусий банклари активлари бир йилда 29 фоизга ўсди

Ўзбекистон хусусий банклари активлари бир йилда 29 фоизга ўсди
Ўзбекистон хусусий банклари активлари бир йилда 29 фоизга ўсди / Фото: UzDaily.

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Ўзбекистонда давлат иштироки бўлмаган тижорат банкларининг активлари 2026 йил 1 август ҳолатига бир йилда 29 фоизга ўсиб, 386 триллион сўмга етди. Давлат улуши мавжуд банклар активлари эса шу даврда 14 фоизга ошиб, 630,6 триллион сўмни ташкил этди. Бу ҳақда Ўзбекистон Марказий банки хабар берди.

Давлат банкларининг банк тизими жами активларидаги улуши бир йилда 64,9 фоиздан 62 фоизга камайди.

Сектор активларининг умумий ҳажми 1 016,6 триллион сўмга етди.

Кредитлашда фарқ янада яққол кўзга ташланади. Хусусий банкларнинг кредит портфели 21,2 фоизга ўсиб, 222,7 триллион сўмга етган бўлса, давлат улуши мавжуд банкларда бу кўрсаткич 7,5 фоизга ошиб, 421,9 триллион сўмни ташкил этди. Давлат банкларининг жами кредитлар ҳажмидаги улуши 68,1 фоиздан 65,5 фоизга қисқарди.

Депозитлар бўйича ҳар икки гуруҳ деярли бир хил динамикани қайд этди. Хусусий банклар депозитлари 34,1 фоизга ошиб, 234,4 триллион сўмга, давлат банкларидаги депозитлар эса 33,8 фоизга ўсиб, 248,2 триллион сўмга етди. Давлат улуши мавжуд банкларнинг тизим депозит базасидаги улуши 51,4 фоизни ташкил этди, бир йил аввал бу кўрсаткич 51,5 фоиз бўлган.

Давлат улуши мавжуд банкларда кредитларнинг депозитларга нисбати бир йилда 211,5 фоиздан 170 фоизга, бошқа банкларда эса 105,1 фоиздан 95 фоизга тушди. Шу тариқа, хусусий банклар жами ҳисобда жалб қилинган депозитларга нисбатан камроқ кредит ажратган.

Давлат банкларининг мажбуриятлари 14,4 фоизга ўсиб, 542,9 триллион сўмга етган. Хусусий банкларда эса мажбуриятлар 28,9 фоизга ошиб, 323,1 триллион сўмни ташкил этган.

Сектор жами капиталининг 58,3 фоизи, яъни 87,7 триллион сўми давлат улуши мавжуд банклар ҳиссасига тўғри келади. Қолган банклар улуши 41,7 фоиз ёки 62,8 триллион сўмни ташкил этади. Давлат банклари кредит портфелида муаммоли кредитлар улуши 4 фоиз, хусусий банкларда эса 3,2 фоизни ташкил этган.

Давлат улуши мавжуд банклар гуруҳига тўққизта банк киради: Ўзмиллийбанк, Агробанк, Ўзсаноатқурилишбанк, Асакабанк, Халқ банки, Бизнесни ривожлантириш банки, Алоқабанк, Микрокредитбанк ва Туронбанк.

Улар орасида активлар ҳажми бўйича ҳануз Ўзмиллийбанк етакчилик қилмоқда. Унинг активлари 145,8 триллион сўмни ташкил этган. Қолган 25 та банк орасида Капиталбанк 62,1 триллион сўм, Ипотека-банк 56 триллион сўм ва Ҳамкорбанк 42,5 триллион сўмлик активлари билан етакчилик қилмоқда.

Йирик хусусий банклар орасида Ипак Йўли банки активлари бир йилда 36,8 фоизга, Ҳамкорбанк активлари 33,1 фоизга, Капиталбанк активлари 20,3 фоизга, Ипотека-банк активлари эса 10,1 фоизга ўсган.

 

Дилафруз Ниязова
Дилафруз Ниязова

Дилафруз Ниязова 2025 йилдан буён UzDaily жамоасида фаолият юритиб, нашрнинг ўзбек тилидаги версияси учун масъулдир.