Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Ўзбекистон Миллий статистика қўмитаси нархлар ва инфляцияга оид маълумотларни эълон қилиш учун мўлжалланган NarxStat очиқ платформасини ишга туширди. Бу ҳақда қўмитада бўлиб ўтган матбуот анжуманида маълум қилинди.
Платформа narx.stat.uz манзили орқали фойдаланиш учун очиқ бўлиб, мамлакатдаги асосий нарх кўрсаткичлари бўйича статистик маълумотларни тақдим этади.
Фойдаланувчилар платформа орқали истеъмол нархлари индекси, асосий озиқ-овқат маҳсулотлари ва ёқилғининг ҳудудлар ҳамда туманлар кесимидаги ҳафталик ўртача нархларини кўришлари мумкин. Шунингдек, унда уй-жой бозоридаги нархлар индекси ва саноат маҳсулотлари ишлаб чиқарувчиларининг нархлар индекси ҳам жойлаштирилган.
Бундан ташқари, NarxStat платформасида инфляция ва истеъмол харажатлари калькуляторлари мавжуд. Маълумотларни CSV ва JSON форматларида юклаб олиш ёки олдиндан рўйхатдан ўтмасдан API орқали олиш мумкин.