7
Молия

Ўзбекистонда кредит рекламасида хавфлар ҳақида огоҳлантириш талаб этилади

Ўзбекистонда кредит рекламасида хавфлар ҳақида огоҳлантириш талаб этилади
Ўзбекистонда кредит рекламасида хавфлар ҳақида огоҳлантириш талаб этилади / Фото: Ўзбекистон Президенти Матбуот хизмати.

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Ўзбекистонда кредитлар, жумладан, микрозаймлар рекламасида молиявий хавфлар ҳақида огоҳлантириш жойлаштирилиши шарт. У реклама майдони ва эфир вақтининг камида 10 фоизини эгаллаши керак. Бу Президент Шавкат Мирзиёев 2026 йил 10 ноябрда имзолаган қонунда назарда тутилган.

1187-сонли ЎРҚ ҳужжати 2022 йил 7 июнда қабул қилинган «Реклама тўғрисида»ги қонунга қўшимча ва ўзгартириш киритади. Қонунчилик палатаси мазкур тузатишларни 2026 йил 14 апрелда қабул қилган, Сенат эса 7 августда маъқуллаган.

43-моддага киритилган янги қисмда қуйидаги қоида белгиланган: «Кредит, шу жумладан, микрозайм рекламасида бундай хизматлар бўйича қарз мажбуриятларини бажармаслик молиявий хавфларга олиб келиши мумкинлиги ҳақида огоҳлантириш бўлиши керак. Бундай огоҳлантириш реклама асосий майдони ва вақтининг камида ўн фоизини эгаллаши лозим».

Ушбу норма қонун кучга кирганидан уч ой ўтгач амал қила бошлайди. Қонуннинг қолган қоидалари эса расмий эълон қилинган кундан кучга киради.

Қонун суғурта соҳасига ҳам тааллуқли. Эндиликда суғурта саводхонлигини оширишга оид ахборот ижтимоий ахборот тоифасига киритилади.

Тегишли сўзлар 5-моддага энергетика ресурсларини тежаш ҳақидаги қоидадан кейин қўшилди.

20-моддада ижтимоий ахборот рекламасини берувчилар доираси кенгайтирилди. Аввал унда жисмоний ва юридик шахслар кўрсатилган бўлса, энди улар қаторига соҳалардаги ваколатли органлар ҳам қўшилди.

Қонун муқаддимасида қайд этилишича, сўнгги йилларда мамлакатда суғурта ва кредит-молия хизматлари истеъмолчиларининг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича кенг кўламли ишлар олиб борилмоқда. Аҳоли, жумладан, тадбиркорлар учун қўшимча имтиёзлар яратилмоқда.

Ҳужжатда таъкидланишича, бугунги кунда оммавий ахборот воситалари орқали аҳолига суғурта ҳақида кенгроқ маълумот бериш зарур. Шунингдек, кредитлар рекламасида истеъмолчиларни огоҳлантириш талаб этилади: агар шахс ўзининг тўлов қобилиятини нотўғри баҳоласа ва қарзини қайтармаса, молиявий хавфларга дуч келиши мумкин.

Қонунда қайд этилганидек, киритилган ўзгартиришлар тўлиқ ва ишончли ахборот тақдим этиш орқали суғурта хизматларидан фойдаланиш учун қулай шароит яратиши керак. Шунингдек, улар суғуртага бўлган ишончни ва фуқароларнинг кредитлар билан боғлиқ хавфлар ҳақида хабардорлигини оширишга қаратилган.

Қонун ижросини таъминлаш, уни ижрочиларга етказиш ва аҳоли ўртасида тушунтириш ишларини олиб бориш Перспектив лойиҳалар миллий агентлиги, Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитаси, Марказий банк ҳамда бошқа манфаатдор ташкилотларга топширилди.

Вазирлар Маҳкамаси ҳукумат қарорларини янги қонунга мувофиқлаштириши керак. Бундан ташқари, ҳукумат республика ижро этувчи ҳокимият органлари ўзларининг янги қонунга зид бўлган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларини қайта кўриб чиқиши ва бекор қилишини таъминлаши лозим.

 

Дилафруз Ниязова
Дилафруз Ниязова

Дилафруз Ниязова 2025 йилдан буён UzDaily жамоасида фаолият юритиб, нашрнинг ўзбек тилидаги версияси учун масъулдир.