Молия

Ўзбекистон аҳолисининг инфляция бўйича кутилмалари 8,7 фоизгача пасайди

Ўзбекистон аҳолисининг инфляция бўйича кутилмалари 8,7 фоизгача пасайди
Ўзбекистон аҳолисининг инфляция бўйича кутилмалари 8,7 фоизгача пасайди / Фото: UzDaily.

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — 2026 йил сентябрь ойида Ўзбекистон аҳолисининг келгуси 12 ой учун инфляция бўйича кутилмалари 8,7 фоизгача пасайди. Август ойида бу кўрсаткич 9,8 фоизни ташкил этган эди.

Тадбиркорларнинг инфляция бўйича кутилмалари ҳам августдаги 9,6 фоиздан 9,2 фоизга тушди.

Бундай натижалар мамлакатнинг 2 726 нафар аҳолиси ва 1 043 та тадбиркорлик субъекти иштирок этган ойлик сўровда қайд этилди. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Марказий банки хабар берди.

Келтирилган кўрсаткичлар ўртача тортилган баҳони акс эттиради. Сентябрь ойида аҳолининг инфляция бўйича кутилмаларининг медиана қиймати август ойидаги каби 8 фоизни ташкил қилди. Тадбиркорларда эса медиана кўрсаткичи 8 фоиздан 9 фоизга кўтарилди.

Аҳоли томонидан ҳис қилинаётган инфляция даражаси ҳам сентябрь якунларига кўра пасайди: августдаги 10,1 фоиздан 9,2 фоизга тушди. Ушбу кўрсаткичнинг медиана баҳоси 8 фоизни ташкил этди.

Аҳоли орасида энг юқори инфляция кутилмалари нафақахўрларда қайд этилди — 12,4 фоиз. Кейинги ўринларда маиший хизматлар соҳаси ходимлари (10,6 фоиз) ва транспорт хизматлари соҳаси ходимлари (9,9 фоиз) турибди.

Энг паст кутилмалар савдо соҳаси ходимларида — 7,8 фоиз, шунингдек, талабаларда — 7,9 фоиз бўлди.

Тадбиркорлар орасида инфляция бўйича энг юқори кутилмалар транспорт хизматлари соҳасида (10,7 фоиз), ҳунармандчиликда (9,8 фоиз) ва савдода (9,7 фоиз) қайд этилди. Энг паст кўрсаткич туризм соҳасида — 7,5 фоиз.

Ҳудудлар кесимида аҳолининг инфляция бўйича кутилмалари энг юқори Тошкент шаҳрида — 11,6 фоиз. Энг паст кўрсаткичлар Хоразм вилоятида (6,8 фоиз) ва Наманган вилоятида (7,1 фоиз) қайд этилди. Пойтахтда сўровда қатнашганларнинг 17 фоизи нархлар 17 фоиз ёки ундан кўпроққа ошишини кутмоқда. Хоразм вилоятида эса респондентларнинг 70 фоизи инфляция 8 фоиздан ошмайди, деб ҳисоблайди. Тадбиркорлар орасида энг юқори кутилмалар Самарқанд вилоятида (10,2 фоиз) ва Фарғона вилоятида (10,1 фоиз), энг пасти эса Қашқадарё вилоятида (7,5 фоиз) қайд этилди.

Инфляция бўйича кутилмалар даромад даражасига қараб ҳам сезиларли фарқ қилади. Даромади 30 млн сўмдан юқори бўлган респондентлар инфляцияни 14,4 фоиз даражасида кутмоқда. Даромади 20 млн сўмдан 30 млн сўмгача бўлганлар орасида бу кўрсаткич 11,3 фоизни ташкил этди. Даромади 2 млн сўмдан ошмайдиганлар эса инфляцияни 7,6 фоиз даражасида баҳолаган. Ҳис қилинаётган инфляция баҳосида ҳам шунга ўхшаш ҳолат кузатилди: даромади 30 млн сўмдан юқори бўлганлар гуруҳида кўрсаткич 15,9 фоиз, даромади 2 млн сўмгача бўлганлар гуруҳида эса 7,7 фоиз бўлди.

Аҳоли нархлар ошишининг асосий омиллари сифатида ёқилғи ва энергия ресурслари қимматлашиши (50 фоиз), шунингдек, коммунал хизматлар нархи ошишини (38 фоиз) кўрсатмоқда.

Август ойида коммунал хизматлар нархи ошишини сўров иштирокчиларининг 53 фоизи асосий омил сифатида қайд этган эди. Асосий озиқ-овқат маҳсулотлари қимматлашишини келгусидаги нархлар ўсиши билан боғлаганлар улуши эса сезиларли ошди — 21 фоиздан 31 фоизгача.

Монополия ва нархларни сунъий равишда оширишни кўрсатган респондентлар улуши 21 фоиздан 30 фоизга, валюта курси ўзгаришини қайд этганлар улуши эса 14 фоиздан 22 фоизга кўтарилди.

Тадбиркорлар ҳам нархлар ўсишининг асосий омиллари сифатида ёқилғи ва энергия ресурслари қимматлашиши (52 фоиз) ҳамда коммунал хизматлар нархи ошишини (38 фоиз) кўрсатган. Хомашё нархи ошишини қайд этган тадбиркорлар улуши 19 фоиздан 37 фоизга кўтарилди. Юқори солиқ юкини кўрсатганлар августдаги 15 фоиздан 29 фоизга, рақобат муҳитининг ёмонлашганини қайд этганлар эса 16 фоиздан 25 фоизга етди.

Аҳоли фикрича, нархи энг кўп ошган товар ва хизматлар орасида гўшт ва сут маҳсулотлари етакчилик қилмоқда. Сўров иштирокчиларининг 56 фоизи ушбу маҳсулотларни қайд этган.

Бензин ва бошқа ёқилғи турларини респондентларнинг 53 фоизи, электр энергияси ва табиий газни эса 36 фоизи кўрсатган.

Йўл ҳақи ва транспорт хизматлари қимматлашганини қайд этган аҳоли улуши 13 фоиздан 24 фоизга, кафе ва ресторан хизматлари нархи ошганини кўрсатганлар улуши эса 13 фоиздан 22 фоизга кўтарилди.

Аксинча, мева-сабзавотлар қимматлашганини қайд этганлар улуши камайди: августдаги 27 фоиздан сентябрда 17 фоизга тушди.

 

Дилафруз Ниязова
Дилафруз Ниязова

Дилафруз Ниязова 2025 йилдан буён UzDaily жамоасида фаолият юритиб, нашрнинг ўзбек тилидаги версияси учун масъулдир.