Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Ўзбекистон Марказий банки аҳоли ва тадбиркорларнинг молиявий хизматлардан фойдаланиш имкониятларини кенгайтиришга тижорат банклари қўшаётган ҳиссани баҳолаш имконини берувчи рейтингни ишлаб чиқмоқда.
Рейтингда банк маҳсулотларининг фуқаролар, шунингдек, микро, кичик ва ўрта бизнес субъектлари учун қай даражада қулай ва очиқ экани ҳисобга олинади.
Баҳолаш жараёнида нафақат молиявий хизматлардан фойдаланиш имкониятлари, балки уларни тақдим этишнинг қулайлиги, хавфсизлиги ва сифати ҳам инобатга олиниши режалаштирилган.
2026 йил 30 октябрь куни Марказий банк тижорат банклари вакиллари иштирокида рейтингни шакллантириш методологияси, баҳолаш мезонлари ва ҳисоб-китобларнинг дастлабки натижаларини муҳокама қилди.
Учрашув иштирокчилари рейтинг кўрсаткичларини ҳисоблашда фойдаланиладиган маълумотларни кўриб чиқди, уларнинг ишончлилигини баҳолади ҳамда методикани янада такомиллаштириш имкониятларини муҳокама қилди.
Мазкур ташаббус аҳоли ва тадбиркорларнинг молиявий хизматлардан фойдаланиш имкониятларини кенгайтириш, тижорат банклари ўртасида соғлом рақобатни ривожлантириш ва банк хизматлари сифатини оширишга қаратилган.