Молия

Тошкентда халқаро молия марказини ташкил этиш масаласи муҳокама қилинди

Тошкентда халқаро молия марказини ташкил этиш масаласи муҳокама қилинди
Тошкентда халқаро молия марказини ташкил этиш масаласи муҳокама қилинди / Фото: Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги матбуот хизмати.

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Тошкентда Ўзбекистон Президенти ҳузуридаги Хорижий инвесторлар кенгашининг идоралараро ишчи гуруҳи йиғилиши бўлиб ўтди. Унда Тошкент халқаро молия марказини (ТХММ) ташкил этиш масалалари муҳокама қилинди.

Йиғилиш иштирокчилари марказнинг хорижий инвестицияларни жалб қилиш, молиявий маҳсулотлар ва хизматларни ривожлантириш, шунингдек, инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш учун зарур инфратузилмани шакллантириш имкониятларини кўриб чиқди.

Тадбирда Осиё тараққиёт банки (ОТБ), JPMorgan, Халқаро молия корпорацияси (ХМК), Европа тикланиш ва тараққиёт банки (ЕТТБ), BlackRock, Sullivan & Cromwell ва Dentons юридик компаниялари ҳамда бошқа ташкилотлар вакиллари иштирок этди.

Ўзбекистон Президенти Администрацияси томонидан лойиҳа координатори Нодир Жўраев Тошкент халқаро молия марказини ташкил этиш жараёнининг бориши ҳақида маълумот берди.

Иштирокчилар инвесторлар учун юзага келиши мумкин бўлган тўсиқлар, молиявий ва ҳуқуқий инфратузилмани ривожлантириш устувор йўналишлари, малакали кадрлар тайёрлаш ҳамда марказ экотизимини шакллантиришда хорижий ҳамкорларнинг иштироки масалаларини муҳокама қилди.

Frankfurt Main Finance бошқарув директори ва Халқаро молия марказлари жаҳон альянси (WAIFC) раисининг ўринбосари Хубертус Фет Тошкент халқаро молия марказини ишга тушириш бўйича тавсияларини тақдим этди.

Тошкент халқаро молия маркази халқаро молия марказларини бирлаштирувчи WAIFC ташкилоти аъзосига айлангани қайд этилди.

Йиғилиш иштирокчилари Тошкент халқаро молия маркази Ўзбекистон иқтисодиётини ривожлантиришда муҳим аҳамият касб этиши мумкинлигини таъкидлади.

Муҳокамалар якунида халқаро тажриба ва хорижий молия ташкилотлари билан ҳамкорлик имкониятларини ҳисобга олган ҳолда лойиҳани янада амалга ошириш бўйича таклифлар илгари сурилди.

 

 

Дилафруз Ниязова
Дилафруз Ниязова

Дилафруз Ниязова 2025 йилдан буён UzDaily жамоасида фаолият юритиб, нашрнинг ўзбек тилидаги версияси учун масъулдир.