Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Ўзбекистон Марказий банки сентябрь ойида пруденциал нормативларга, қонунчилик талабларига риоя этмагани ва инспекция текширувлари давомида аниқланган қоидабузарликлар учун саккизта банкка нисбатан жарима чораларини қўллади. Бу ҳақда регулятор матбуот хизмати хабар берди.
Ой давомида Марказий банкнинг Банк назорати қўмитаси саккизта йиғилиш ўтказиб, уларда 37 та масалани кўриб чиқди.
Ушбу масалаларнинг 21 таси рўйхатдан ўтказиш ва рухсат бериш тартиб-таомилларига тааллуқли бўлди.
Жумладан, қўмита кредит ташкилотлари уставларига киритиладиган ўзгартишлар, микромолия ташкилотларини рўйхатдан ўтказиш, еттита тўлов ташкилотини лицензиялаш, кредит ташкилотлари устав капиталидан улушларга эгалик қилиш учун рухсатномалар бериш, шунингдек, банклар раҳбарлари ва асосий ходимлари лавозимларига номзодларни келишиш масалаларини кўриб чиқди.
Яна 16 та масала кредит ва тўлов ташкилотларининг молиявий ҳолати билан боғлиқ бўлди.
Қўмита регулятор кўрсатмалари ва пруденциал нормативларга риоя этилиши, банк ва нобанк кредит ташкилотларида ўтказилган инспекция текширувлари натижалари, шунингдек, тартибга солиш синов майдончаси доирасида молиявий хизматларни синовдан ўтказиш масалаларини кўриб чиқди.