Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Ўзбекистон Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси интеллектуал мулкни ҳуқуқий муҳофаза қилиш ва ҳимоялаш тизимини такомиллаштиришга қаратилган қонун лойиҳасини биринчи ўқишда қабул қилди.
Ҳужжат интеллектуал ҳуқуқларни ҳимоя қилиш механизмларини янгилаш, маъмурий тартиб-таомилларни соддалаштириш, тадбиркорлар ва инвесторлар учун янада қулай ҳуқуқий шароитлар яратишни назарда тутади.
Таклиф этилаётган ўзгаришлардан бири хизмат вазифаларини ёки хизмат топшириғини бажариш доирасида яратилган асарларга бўлган мулкий ҳуқуқлар билан боғлиқ.
Гап адабий, сценарий, мусиқа, хореография, аудиовизуал, архитектура ва дизайн асарлари ҳақида бормоқда. Қонун лойиҳасида бундай ҳуқуқларни шартнома асосида тартибга солишни белгилаш ва уларнинг ўн йил ўтгач автоматик равишда муаллифга ўтиши тўғрисидаги нормани бекор қилиш таклиф этилмоқда.
Шунингдек, интеллектуал мулк объектларининг давлат экспертизаси қарорларига рози бўлмаган шахсларга Апелляция кенгашига шикоят қилиш ҳуқуқи билан бир қаторда, бевосита судга мурожаат қилиш имкониятини бериш таклиф этилмоқда. Бу фуқаролар ва тадбиркорларнинг ўз ҳуқуқларини суд орқали ҳимоя қилиш имкониятларини кенгайтириши кутилмоқда.
Бундан ташқари, қонун лойиҳасида ихтиролар, фойдали моделлар, саноат намуналари ва селекция ютуқларига патентларнинг амал қилишини сақлаб туриш учун давлат божини олдиндан тўлаш имкониятини жорий этиш назарда тутилган.
Тахмин қилинишича, бундай механизм техник сабабларга кўра патентлар амал қилишининг тўхтатилишини олдини олишга ва ҳуқуқ эгалари учун тегишли тартиб-таомилларни соддалаштиришга ёрдам беради.
Ҳужжатнинг қабул қилиниши интеллектуал мулкни ҳуқуқий ҳимоя қилишни такомиллаштириш, инновацион фаолиятни рағбатлантириш ва мамлакатнинг инвестициявий жозибадорлигини оширишга хизмат қилиши кутилмоқда.