Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Ўзбекистонда 1 октябрдан мамлакатнинг барча ҳудудларида давлат тиббий суғуртаси тизимини босқичма-босқич жорий этиш якунланди.
Янги тизимда тиббий ташкилотларни молиялаштириш давлат томонидан кафолатланган пакет доирасида амалда кўрсатилган тиббий хизматларнинг ҳажми ва турига боғланади.
Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Давлат тиббий суғуртаси жамғармаси ахборот хизмати раҳбари Сайёра Шоева Оммавий ахборот воситалари учун контент тайёрлаш марказида ўтказилган брифингда маълум қилди.
Унинг сўзларига кўра, Жамғарма тиббий ташкилотларни аҳолига давлат томонидан кафолатланган пакетга киритилган хизматларни кўрсатиш харажатлари учун қоплаб беради. Шу тариқа маблағлар шунчаки тиббий муассасага ажратилмай, амалда кўрсатилган тиббий хизматлар ва уларнинг ҳажми ҳисобга олинган ҳолда йўналтирилади.
Ҳозирги вақтда тиббий ташкилотларга тўловлар учта механизм асосида амалга оширилмоқда: аҳоли жон бошига, глобал бюджет доирасида ва даволанган ҳолат учун.
Аҳоли жон бошига тўлов ҳар бир бириктирилган фуқаро учун тиббий хизматларни молиялаштиришни назарда тутади.
Ҳисоб-китоб қилишда аҳоли сони, унинг ёши ва жинси инобатга олинади.
Глобал бюджет механизми давлат томонидан кафолатланган пакет доирасида тиббий хизматлар кўрсатиш харажатларини молиялаштиришнинг белгиланган ҳажмини назарда тутади. Ушбу модел асосида, жумладан, ОИТСга қарши курашиш ташкилотлари, қон қуйиш марказлари, шошилинч тиббий ёрдам марказлари, патологоанатомия бюролари, онкология шифохоналари, неврология ва психиатрия йўналишидаги муассасалар, наркология ҳамда силга қарши курашиш шифохоналари молиялаштирилади.
Даволанган ҳолат учун тўлов давлат томонидан кафолатланган пакет доирасида беморга стационарда кўрсатилган тиббий хизматларга нисбатан қўлланилади.
Жамғармада таъкидланишича, янги ёндашув молиялаштиришни тиббий муассасанинг ўзини сақлаш билан эмас, балки тиббий хизматлар кўрсатиш натижалари билан боғлайди. Тизимда нафақат давлат, балки белгиланган талабларга жавоб берадиган нодавлат тиббий ташкилотлар ҳам иштирок этиши мумкин.
Жорий йилнинг январь–сентябрь ойларида Жамғарма тиббий ташкилотларга 27,1 триллион сўмдан ортиқ маблағ тўлади. Шундан 111,2 миллиард сўмдан ортиғи нефрология ва гемодиализ соҳасидаги хизматларга йўналтирилди.
Тизимни мамлакатнинг барча ҳудудларида босқичма-босқич жорий этишнинг якунланиши ислоҳотнинг кейинги босқичига ўтишни англатади.
Асосий эътибор амалдаги механизмларни такомиллаштириш, тиббий хизматларни стратегик харид қилишни ривожлантириш ва молиялаштириш самарадорлигини оширишга қаратилади.
Пировардида тизим аҳолига давлат томонидан кафолатланган пакет доирасида зарур тиббий ёрдамни ўз вақтида ва сифатли кўрсатилишини таъминлаши керак.