Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Чортоқ туманида ерларнинг деградациясининг олдини олиш, табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш ва экотизимларни тиклаш масалаларига бағишланган икки кунлик семинар бўлиб ўтди.
Тадбир БМТ Тараққиёт дастурининг «Дунё ўрмонлари ташаббуси» лойиҳаси доирасида ташкил этилди.
Семинарда Ҳазратишоҳ, Тўриқ ва Зангиобод маҳаллалари аҳолиси, шунингдек, ўрмон хўжалиги тизими вакиллари иштирок этди. Иштирокчилар иқлим ўзгариши ва сув ресурслари танқислиги шароитида табиатга асосланган ечимларни қўллаш имкониятларини муҳокама қилди.
Мавжуд табиий ресурсларни сақлаш ва ҳудудларнинг экологик барқарорлигини оширишга алоҳида эътибор қаратилди. Иштирокчилар экотизимларни тиклаш ва табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш бўйича амалий ёндашувлар юзасидан фикр алмашди.
Семинар якунлари бўйича пилот ҳудудлар учун экотизимларни барқарор тиклаш чораларини назарда тутувчи «Қўшма ҳаракатлар режаси» ишлаб чиқилди. Бундан ташқари, жамоалар вакиллари ўртасида ҳамкорлик тўғрисида келишув имзоланди.
Эришилган келишувларнинг амалга оширилиши Чортоқ туманида экологик барқарорликни мустаҳкамлаш ва табиий ресурслардан янада самарали фойдаланишга хизмат қилиши кутилмоқда.