Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Жиззах вилояти Мирзачўл тумани жиноят ишлари бўйича суди 5 октябрь куни YouTube’даги Sirojiddin Media канали муаллифи Сирожиддин Адиловни тўрт йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш тўғрисида ҳукм чиқарди. Бу ҳақда Жиззах вилояти судлари матбуот хизмати хабар берди.
Суд Адиловни Ўзбекистон Жиноят кодексининг 165-моддаси 1-қисми (товламачилик) билан бир нафар фуқарога нисбатан, шунингдек, Жиноят кодексининг 168-моддаси 3-қисми «б» ва «в» бандлари (такроран, ахборот тизимидан, жумладан, ахборот технологияларидан фойдаланган ҳолда содир этилган фирибгарлик) билан икки нафар фуқарога нисбатан айбдор деб топди.
Суд муҳокамаси материалларига кўра, Адилов товламачилик йўли билан Д. Шамсиевдан 12 млн сўм олган. Бундан ташқари, у фирибгарлик йўли билан Г. Жуманиёзовадан 30 млн сўм ва Р. Худойназаровадан 33 млн сўмни қўлга киритган.
Фуқароларга етказилган зарарнинг умумий миқдори 75 млн сўмни ташкил этган. Ишни кўриб чиқиш жараёнида зарар Адилов томонидан тўлиқ қопланган.
Суд блогерга тўрт йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазосини тайинлади.
Жиззах вилояти судлари матбуот хизмати жиноят иши Адиловнинг ижтимоий тармоқлардаги фаолияти билан боғлиқ бўлмаганини алоҳида таъкидлади. Иш доирасида унга фуқароларнинг мол-мулкини фирибгарлик ва товламачилик йўли билан қўлга киритиш айби қўйилган.
Сирожиддин Адилов 2026 йил март ойида фирибгарликда гумонланиб ушланган. Ўша вақтда Самарқанд вилояти ИИБ у молиявий низони ҳал этишда ёрдам беришни ваъда қилиб, пул олгани, бироқ зиммасига олган мажбуриятларини бажармаганини маълум қилган.
Ҳуқуқ ҳимоячиси Абдураҳмон Ташанов аввалроқ блогерга нисбатан жиноят ишини тергов қилиш жараёнида процессуал қонунбузилишларга йўл қўйилгани ҳақида баёнот берган эди.