Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Ўзбекистон Марказий банки Citi делегацияси ҳамда халқаро инвестиция компаниялари вакиллари билан учрашув ўтказди. Унда мамлакатдаги макроиқтисодий вазият, инфляция, пул-кредит сиёсати ва молия бозорларининг ҳолати муҳокама қилинди. Бу ҳақда Марказий банк матбуот хизмати хабар берди.
Учрашувда Марказий банк раҳбарияти, Citi вакиллари, шунингдек, Ashmore Group, Janus Henderson Investors, Point72, Vanguard ва Ninety One компанияларининг инвесторлари иштирок этди.
Марказий банк иштирокчиларга мамлакатдаги жорий макроиқтисодий вазият ҳақида маълумот берди ҳамда 2027 йил охирига қадар инфляцияни 5 фоизлик мақсадли даражага тушириш бўйича кўрилаётган чора-тадбирлар ҳақида сўзлаб берди. Бунда қатъий пул-кредит шароитларини сақлаб қолиш ва инфляцион кутилмаларни пасайтириш зарурлигига алоҳида эътибор қаратилди.
Томонлар, шунингдек, иқтисодий ўсиш суръатлари, инвестиция фаоллиги, кредитлаш динамикаси ҳамда бюджет-солиқ сиёсатининг макроиқтисодий барқарорликка таъсири юзасидан фикр алмашдилар.
Музокаралар давомида валюта бозоридаги талаб ва таклиф омиллари, миллий валюта курси ўзгаришининг асосий сабаблари ҳамда бозор механизмларини такомиллаштириш масалалари муҳокама қилинди.
Учрашувнинг алоҳида қисми халқаро захираларни бошқариш ва диверсификация қилиш, олтин-валюта активлари таркиби, ликвидликни бошқариш воситалари ҳамда ички пул бозорини ривожлантириш масалаларига бағишланди.
Учрашув якунида Марказий банк вакиллари халқаро инвесторларнинг саволларига жавоб бердилар. Иштирокчилар, шунингдек, Ўзбекистоннинг макроиқтисодий истиқболлари, молия бозоридаги ислоҳотлар ва мамлакатнинг инвестициявий муҳитини муҳокама қилдилар.