Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — «Ўзсувтаъминот» бошқаруви раиси Аҳмад Суванкулов бошчилигидаги делегация ақлли сув ҳисоблагичларини ишлаб чиқариш ва сув ресурсларини бошқариш технологиялари тажрибасини ўрганиш мақсадида Хитойга ташриф буюрди.
Ташриф доирасида компания вакиллари Хитойдаги Sanchuan Smart Technologies марказий заводида бўлди. Ушбу компания иштирокида аввалроқ Ўзбекистоннинг Андижон вилоятида замонавий сув ҳисоблагичларини ишлаб чиқариш корхонаси ташкил этилган эди.
Заводда делегация ақлли ҳисоблагичларни ишлаб чиқариш технологик жараёнлари, қўлланилаётган ускуналар ва тайёр маҳсулотлар билан танишди. Шунингдек, иштирокчиларга маҳсулотларнинг техник хусусиятлари ва сифатини текширишга мўлжалланган лабораториялар намойиш этилди.
Бундан ташқари, «Ўзсувтаъминот» вакиллари Хитой компаниясига тегишли сув таъминоти корхонасига ташриф буюриб, унинг иш фаолияти қандай ташкил этилганини ўргандилар.
Ташрифдан кўзланган мақсад ақлли сув ҳисоблагичларини ишлаб чиқариш, сув ресурсларини ҳисобга олиш ва бошқариш соҳаларидаги илғор технологиялар ҳамда амалий тажрибани ўрганишдан иборат.
Томонлар, шунингдек, ўзаро манфаатли ҳамкорликни мустаҳкамлаш имкониятлари ва унинг келгуси йўналишларини ҳам кўриб чиқдилар.