Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Фарғона вилояти ҳокими Хайрулло Бозоров Туркиянинг Terminal Yapı ve Ticaret Anonim Şirketi компанияси вакили билан истиқболли инвестиция лойиҳаларини муҳокама қилди. Бу ҳақда Фарғона вилояти ҳокимлиги матбуот хизмати хабар берди.
Компания таъсисчиси Меҳмет Алп Делимоллаоғлу билан учрашув Тошкентда Ўзбекистон-Туркия бизнесни қўллаб-қувватлаш кенгашининг биринчи йиғилиши доирасида бўлиб ўтди.
Томонлар Фарғона вилоятида амалга оширилаётган лойиҳалар, янги ташаббусларни йўлга қўйиш имкониятлари ва ўзаро манфаатли ҳамкорликни кенгайтириш юзасидан фикр алмашди.
Туркиялик инвестор режалаштирилаётган лойиҳалар, уларни амалга ошириш босқичлари ва истиқболлари ҳақида маълумот берди. Шунингдек, мазкур ташаббусларнинг вилоят иқтисодий салоҳиятини ривожлантиришга қўшиши мумкин бўлган ҳиссаси алоҳида муҳокама қилинди.
Хайрулло Бозоров вилоят ҳокимлиги таклиф этилган ташаббусларни қўллаб-қувватлаш, лойиҳаларни амалга оширишда амалий кўмак кўрсатиш ва уларни рўёбга чиқариш учун зарур шароитларни яратишга тайёрлигини билдирди.
Учрашув якунида томонлар инвестиция таклифларини амалга ошириш, ҳамкорликнинг янги йўналишларини ривожлантириш ва шериклик муносабатларини мустаҳкамлаш бўйича кейинги қадамларни муҳокама қилди.