Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — 11 ноябрь куни Бухоро шаҳрида 16-сонли янги автобус йўналиши иш бошлади. Ушбу йўналиш орқали илк бор «Ўзбакони» ва «Чор-Бакр» маҳаллалари мунтазам жамоат транспорти қатнови билан таъминланди. Бу ҳақда Ўзбекистон Транспорт вазирлиги хабар берди.
Автобуслар Бухоро шаҳридаги 9-сонли мактаб билан Бухоро туманидаги 23-сонли мактаб ўртасида ҳаракатланади. Йўналиш ялпи шартнома асосида ташкил этилган.
Транспорт воситалари «Арк» мажмуаси, М. Каримов кўчаси, Марказий бозор, Чорбоғхосса ва Зарафшон тракти орқали ҳаракатланади. Кейин автобуслар «Ўзбакони» маҳалласи ва «Чор-Бакр» ёдгорлик мажмуасидан ўтиб, 23-сонли мактабгача етиб боради.
Авваллари «Ўзбакони» ва «Чор-Бакр» маҳаллаларида мунтазам жамоат транспорти қатнови йўлга қўйилмаган эди. Янги йўналиш маҳаллий аҳоли, жумладан, мактаб ўқувчилари ва ҳар куни автобусдан фойдаланадиган йўловчиларнинг қатновини енгиллаштириши кутилмоқда.
Йўналишда 10 та янги Yutong автобуси хизмат кўрсатмоқда. Улар ҳаракатни реал вақт режимида кузатиш тизимлари ҳамда йўл ҳақини электрон тўлаш имконияти билан жиҳозланган.