Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Тошкентда хонанда Mubinlolo (Мубина Аббосхонова)га нисбатан ўлдиришга ишора қилувчи саҳналар акс этган видеороликни эълон қилган Umr.Sham блогери юзасидан терговга қадар текширув ўтказилмоқда. Ушбу видео ижтимоий тармоқларда жамоатчилик норозилигига сабаб бўлди.
Муаллифнинг шахси Олмазор тумани Ички ишлар органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бошқармаси ходимлари томонидан аниқланган. Бу ҳақда Тошкент шаҳар Ички ишлар бош бошқармаси хабар берди.
Текширувга блогернинг хонанда ижодига салбий муносабатини билдиргани, шундан сўнг эса унга ва ўз қарашларини қўллаб-қувватламайдиган бошқа инсонларга нисбатан зўравонлик билан боғлиқ таҳдидлар сифатида баҳоланиши мумкин бўлган саҳналарни намойиш этган видеоси сабаб бўлган.
Роликда қўшимча қора пакетлар олиб келиш ҳақидаги илтимос ҳам янграйди. Видеони танқид қилган фойдаланувчилар баҳосига кўра, бу ҳолат жасадларни яширишга ишорани янада кучайтиради.
Видео тарқалгани ва ижтимоий тармоқ фойдаланувчилари томонидан танқид қилинганидан сўнг блогер узр сўраб, видеомурожаат ёзиб олган.
Унинг маълум қилишича, ички ишлар органлари ходимлари эълон қилинган контент билан боғлиқ ҳолда қонунчиликда назарда тутилган эҳтимолий чоралар юзасидан унга тушунтириш берган. Блогер содир этган ишидан пушаймонлигини билдирган.
Тошкент шаҳар ИИББда таъкидланишича, вазият идора назоратига олинган. Терговга қадар текширув якунланганидан сўнг тегишли процессуал қарор қабул қилинади. Блогернинг қўлга олингани ҳақида маълумот берилмаган.
Аввалроқ зўравонликка қарши курашувчи Nemolchi.Uz лойиҳаси ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларни видеороликка ҳуқуқий баҳо беришга чақирган эди.
Ташкилот фикрича, бундай контент зўравонлик ва ўзбошимчалик билан жазолашни одатий ҳол сифатида кўрсатади, жисмоний жазони эса қарашлар ва ижод учун жазолаш усули сифатида тақдим этади.
Лойиҳа, шунингдек, видеороликнинг якуний қисмида Ўзбекистон ва Ички ишлар вазирлиги байроқлари пайдо бўлганига ҳам эътибор қаратган.
Тақдим этилган хабарларда текширув қонунчиликнинг айнан қайси моддаси бўйича ўтказилаётгани аниқлаштирилмаган.