Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Ўзбекистон ва Баҳрайн ташқи сиёсат идоралари ўртасида сиёсий маслаҳатлашувларнинг биринчи раунди бўлиб ўтди. Музокаралар 2026 йил 1 ноябрь куни Манама шаҳрида икки мамлакат ташқи ишлар вазирликлари вакиллари иштирокида ўтказилди. Бу ҳақда Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги матбуот хизмати хабар берди.
Ўзбекистон делегациясига ташқи ишлар вазирининг биринчи ўринбосари Баҳромжон Аълоев раҳбарлик қилди. Баҳрайн томонидан эса ташқи ишлар вазири ўринбосари Абдулла бин Аҳмад Ал Халифа иштирок этди.
Учрашув давомида томонлар сиёсий мулоқотни янада мустаҳкамлаш ва икки томонлама ҳамкорликни кенгайтириш истиқболларини кўриб чиқди. Савдо-иқтисодий ва инвестициявий алоқалар, шунингдек, маданий-гуманитар ҳамкорликни ривожлантириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.
Маслаҳатлашувлар иштирокчилари Ўзбекистон ва Баҳрайннинг халқаро ташкилотлар доирасидаги ҳамкорлигини кенгайтириш имкониятларини ҳам муҳокама қилди.
Бундан ташқари, икки мамлакат ташқи сиёсат идоралари вакиллари халқаро ва минтақавий кун тартибидаги долзарб масалалар юзасидан фикр алмашди.
Сиёсий маслаҳатлашувларнинг биринчи раунди Ўзбекистон ва Баҳрайн ҳамкорлигининг асосий йўналишларини муҳокама қилиш, шунингдек, тегишли идоралар ўртасидаги келгуси алоқаларни белгилаш учун майдон бўлди.