Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — 21 октябрь куни Тошкентда Хорватия Республикасининг фахрий консулхонаси расман очилди.
Сарвар Исмоилов Ўзбекистондаги Хорватия фахрий консули этиб тайинланди. Янги ваколатхона икки томонлама муносабатларни мустаҳкамлаш, савдо, инвестициялар, туризм ва маданият соҳаларидаги ҳамкорликни кенгайтиришга хизмат қилиши кутилмоқда.
Фахрий консулхона очиш ташаббусини Хорватия президенти Зоран Миланович илгари сурган. Ушбу ташаббус икки мамлакат ўртасидаги алоқаларни янада мустаҳкамлашга қаратилган.
Очилиш маросимида Хорватиянинг Ўзбекистондаги элчиси Рефик Шабанович, фахрий консул Сарвар Исмоилов, дипломатик корпус вакиллари, давлат идоралари ҳамда ишбилармон доиралар вакиллари иштирок этди. Расмий чиқишлардан сўнг консулхонанинг тантанали очилиш маросими бўлиб ўтди.
Консулхона ишбилармонлик алоқаларини ривожлантириш, инвестицияларни жалб қилиш, туристик ва маданий алмашинувларни кенгайтиришга кўмаклашиши кутилмоқда.
Бундан ташқари, ваколатхона ўз ваколатлари доирасида Хорватия фуқароларига консуллик ёрдамини кўрсатади.