Ўзбекистон

Ўзбекистон почта рейтингида 11 поғона юқорилади

Ўзбекистон почта рейтингида 11 поғона юқорилади
Ўзбекистон почта рейтингида 11 поғона юқорилади / Фото: UzDaily.

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Ўзбекистон Бутунжаҳон почта иттифоқининг (БПИ) Халқаро почта алоқасини ривожлантириш индекси (2IPD) бўйича 181 та давлат орасида 64-ўринни эгаллади.

Ўзбекистон Рақамли технологиялар вазирлиги маълум қилишича, мамлакат аввалги натижага нисбатан рейтингда 11 поғона юқорилаган.

2IPD индекси почта соҳасининг ривожланиш даражаси, миллий почта тизимларининг самарадорлиги ва уларнинг халқаро почта тармоқларига интеграциялашувини баҳолайди. Аввалги рейтингда Ўзбекистон 75-ўринда эди.

Почта алоқаси нафақат хат ва посилкаларни етказиб беришда, балки электрон тижоратни ривожлантириш, аҳоли ва бизнесга логистика хизматларини кўрсатиш, шунингдек, халқаро савдони қўллаб-қувватлашда ҳам муҳим ўрин тутади.

Почта инфратузилмасини модернизация қилиш, хизматлар турини кенгайтириш ва рақамли ечимларни жорий этиш соҳанинг рақобатбардошлигини оширишга хизмат қилади.

Вазирликда таъкидланишича, Ўзбекистоннинг рейтингдаги ўрни яхшилангани миллий почта тизимини ривожлантириш, хизматлар сифатини ошириш ва мамлакатнинг глобал почта тармоғига интеграциялашувини мустаҳкамлаш борасидаги илгарилашни акс эттиради.

Бутунжаҳон почта иттифоқи аввал ҳам Ўзбекистоннинг соҳа ривожига қўшаётган ҳиссасини эътироф этган. 2023 йил 5 октябрь куни Саудия Арабистонининг Ар-Риёд шаҳрида бўлиб ўтган БПИ IV Фавқулодда конгрессининг стратегик саммитида мамлакат «Почта алоқасини ривожлантиришнинг кўтарилаётган юлдузи» мукофоти билан тақдирланган.

БПИнинг 2023 йилги ҳисоботига кўра, «Ўзбекистон почтаси» АЖ почта алоқасини ривожлантириш индексидаги мавқеини яхшилаб, 115-ўриндан 74-ўринга кўтарилган.

 

Дилафруз Ниязова
Дилафруз Ниязова

Дилафруз Ниязова 2025 йилдан буён UzDaily жамоасида фаолият юритиб, нашрнинг ўзбек тилидаги версияси учун масъулдир.