Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Бокуда Туркий давлатлар ташкилотига (ТДТ) аъзо давлатлар мудофаа саноати тузилмалари раҳбарларининг иккинчи йиғилиши бўлиб ўтди. Учрашув ADEX 2026 халқаро мудофаа саноати кўргазмаси доирасида ташкил этилди.
Йиғилишда Ўзбекистон Мудофаа саноати қўмитаси раиси Акмал Жуманазаров, Озарбайжон мудофаа саноати вазири Вугар Мустафаев, ТДТга аъзо давлатларнинг тегишли идоралари раҳбарлари, шунингдек, ташкилот бош котиби Кубанычбек Омуралиев иштирок этди.
Иштирокчилар мудофаа саноати соҳасидаги ҳамкорликнинг асосий йўналишларини муҳокама қилди. Хусусан, кадрлар тайёрлаш ва муҳандислик салоҳиятини ривожлантириш, институционал ҳамкорлик, қўшма ишлаб чиқариш ҳамда саноат кооперацияси масалаларига эътибор қаратилди.
Мудофаа саноатида илмий-тадқиқот фаолиятини ривожлантириш ва янги технологияларни жорий этишга алоҳида эътибор берилди.
Йиғилиш якунлари бўйича томонлар Туркий давлатлар ташкилотига аъзо давлатлар ўртасида мудофаа саноати соҳасида ҳамкорлик бўйича Йўл харитасини қабул қилди.