Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Туркияда халқаро қидирувда бўлган Н.Р. исмли Ўзбекистон фуқароси қўлга олиниб, Ўзбекистонга депортация қилинди. Операция икки мамлакат ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлари томонидан қўшма тадбирлар доирасида ўтказилди. Бу ҳақда Ўзбекистоннинг Истанбулдаги Бош консуллиги матбуот хизмати хабар берди.
Тергов маълумотларига кўра, Н.Р. фуқароларнинг мол-мулкини алдаш ва ишончни суиистеъмол қилиш йўли билан кўп миқдорда қўлга киритишда гумонланмоқда.
Унга нисбатан Ўзбекистон Жиноят кодексининг 168-моддаси 3-қисми билан жиноят иши қўзғатилган. Ушбу модда фирибгарлик учун жавобгарликни назарда тутади.
Ўзбекистон ва Туркия ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлари халқаро қидирувда бўлган бошқа шахсларнинг турган жойини аниқлаш бўйича ҳамкорликни давом эттирмоқда.