Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — 21 ноябрь куни Ўзбекистонда 2025–2026 ўқув йилида халқаро ва минтақавий фан олимпиадаларида юқори натижаларга эришган ўқувчилар ҳамда уларни тайёрлаган педагогларни тақдирлаш маросими бўлиб ўтди. Бу ҳақда Ўзбекистон Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги хабар берди.
Тадбир давомида ғолиблар ва уларнинг устозларига белгиланган тартибда пул мукофотлари топширилди. Мукофотларнинг умумий миқдори 17 млрд сўмни ташкил этди.
2026 йил якунларига кўра, ўзбекистонлик ўқувчилар 29 та халқаро олимпиадада иштирок этиб, 257 та медални қўлга киритди. Уларнинг 44 таси олтин, 93 таси кумуш ва 120 таси бронза медалларидир.
Хабарда таъкидланишича, мамлакат ўқувчиларининг халқаро мусобақалардаги натижалари йил сайин яхшиланиб бормоқда. 2019 йилда мактаб ўқувчилари 29 та, 2020 йилда 26 та, 2021 йилда 41 та, 2022 йилда эса 45 та медалга сазовор бўлган.
2023 йилда медаллар сони 91 тага, 2024 йилда 128 тага етган бўлса, 2025 йилда 210 тани ташкил этган.
Ҳудудлар кесимида Тошкент шаҳри етакчилик қилмоқда. Пойтахт ўқувчилари 102 та медални қўлга киритган. Навоий ва Бухоро вилоятлари мактаб ўқувчилари 23 тадан, Хоразм вилояти вакиллари 16 та, Наманган вилояти ўқувчилари эса 15 та медалга эга бўлган.
2026 йилда ўзбекистонлик мактаб ўқувчилари айрим халқаро мусобақаларда ҳам юқори натижаларга эришди. Қозоғистонда бўлиб ўтган Сунъий интеллект бўйича халқаро олимпиадада мамлакат илк бор иштирок этиб, битта кумуш ва иккита бронза медалини қўлга киритди.
Грецияда ўтказилган Халқаро Балкан математика олимпиадасида эса Ўзбекистон вакиллари бешта олтин медалга сазовор бўлди.