Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Ўзбекистон ва Туркиянинг YDA Group компанияси таълим ва соғлиқни сақлаш соҳаларида қўшма инфратузилма лойиҳаларини амалга ошириш истиқболларини муҳокама қилди. Бу ҳақда Ўзбекистон Иқтисодиёт ва молия вазирлиги хабар берди.
Учрашув 19 ноябрь куни Ўзбекистон Бош вазири ўринбосари — иқтисодиёт ва молия вазири Жамшид Қўчқоров ҳамда YDA Group директорлар кенгаши раисининг ўринбосари ва бош ижрочи директори Жунейт Арслан ўртасида бўлиб ўтди.
Томонлар ўзаро манфаатли ҳамкорликни кенгайтириш, мавжуд ҳамкорлик йўналишларини ривожлантириш ва давлат-хусусий шериклик (ДХШ) асосида янги лойиҳаларни тайёрлаш имкониятларини кўриб чиқди.
Таълим ва соғлиқни сақлаш соҳаларида замонавий инфратузилмани яратиш, хусусий инвестицияларни жалб қилиш, халқаро тажриба ҳамда самарали бошқарув механизмларини жорий этиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.
Учрашув иштирокчилари, шунингдек, истиқболли лойиҳаларни биргаликда ишлаб чиқиш ва уларни амалга ошириш учун мақбул механизмларни танлаш масалаларини муҳокама қилди.
YDA Group — Туркиянинг кўп тармоқли компанияси бўлиб, у замонавий тиббиёт мажмуаларини қуриш ва таълим инфратузилмасини ривожлантириш каби йўналишларда фаолият юритади.
Вазирлик маълумотларига кўра, компания Қозоғистон, Албания ва бошқа мамлакатларда инфратузилма лойиҳаларини амалга оширмоқда.
Учрашув якунида томонлар истиқболли лойиҳалар бўйича мулоқотни давом эттириш ва ҳамкорликни янада ривожлантириш имкониятларини ўрганишга келишиб олди.