7
Иқтисод

Фарғона вилояти АҚШнинг AVADirect компанияси билан IT-лойиҳани муҳокама қилди

Фарғона вилояти АҚШнинг AVADirect компанияси билан IT-лойиҳани муҳокама қилди
Фарғона вилояти АҚШнинг AVADirect компанияси билан IT-лойиҳани муҳокама қилди / Фото: Фарғона вилояти ҳокимлиги матбуот хизмати.

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Фарғона вилояти ва АҚШнинг AVADirect компанияси ахборот технологиялари соҳасида қўшма лойиҳани амалга ошириш ҳамда ҳудудда аутсорсинг фаолиятини ривожлантириш масалаларини муҳокама қилди. Бу ҳақда Фарғона вилояти ҳокимлиги матбуот хизмати хабар берди.

10 ноябрь куни вилоят ҳокими Хайрулло Бозоров AVADirect компанияси асосчиси ва раҳбари Алекс Сонис бошчилигидаги делегация билан учрашув ўтказди.

Музокаралар давомида Америка компанияси ҳудудда фаолият юритаётган Pro Team Solutions МЧЖ билан ҳамкорликда амалга оширишни режалаштираётган лойиҳа ҳақида маълумот тақдим этилди.

Томонлар AVADirect компаниясининг Ўзбекистондаги аутсорсинг фаолиятини Фарғона вилояти инфратузилмаси ва кадрлар салоҳиятидан фойдаланган ҳолда кенгайтириш, шунингдек, лойиҳани амалга оширишга маҳаллий мутахассисларни жалб этиш имкониятларини кўриб чиқди.

Компания вакиллари ҳудуднинг инвестициявий салоҳияти, IT-секторни ривожлантириш ва малакали кадрлар тайёрлаш учун яратилган шароитларни алоҳида қайд этди.

Вилоят ҳокимлиги маълумотларига кўра, бошқа Америка компаниялари ҳам Фарғона вилоятида ўз фаолиятини йўлга қўйишга қизиқиш билдирмоқда.

Хайрулло Бозоров истиқболли ташаббусларни қўллаб-қувватлашга тайёрлигини билдирди.

Учрашув иштирокчилари ҳамкорликнинг кейинги йўналишлари ва уларни амалга ошириш бўйича амалий қадамларни келишиб олди. Ҳамкорликнинг аниқ шаклларини белгилаш бўйича масъул шахслар иштирокидаги ишлар давом эттирилади.

АҚШнинг Огайо штатида жойлашган AVADirect Custom Computers компанияси индивидуал буюртмалар асосида юқори унумдорликка эга компьютер тизимларини йиғиш ва интеграция қилишга ихтисослашган.

 

Дилафруз Ниязова
Дилафруз Ниязова

Дилафруз Ниязова 2025 йилдан буён UzDaily жамоасида фаолият юритиб, нашрнинг ўзбек тилидаги версияси учун масъулдир.