Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Тошкент метрополитенини кейинчалик кенгайтириш ва ҳаракат таркибини янгилаш жараёнида аёллар учун махсус вагонлар ажратиш масаласи кўриб чиқилиши мумкин.
Амалдаги йўналишларда бундай амалиётни жорий этишга ҳозирча техник шароитлар ва йўловчилар оқимининг таркиби имкон бермайди. Бу ҳақда 3 ноябрь куни пойтахт метрополитени раҳбарининг ўринбосари Юлдаш Юсупов Контент тайёрлаш марказида оммавий ахборот воситалари вакиллари билан учрашувда маълум қилди.
Метрополитен вакилининг айтишича, йўловчилардан алоҳида вагонлар ташкил этиш таклифи билан мурожаатлар келиб тушмоқда. Бундай таклифлар, жумладан, ижтимоий тармоқлар орқали ҳам билдирилмоқда. Шунга қарамай, ҳозирги вақтда ушбу ташаббусни амалга ошириш имкони йўқ.
Юсуповнинг сўзларига кўра, метрополитеннинг янги участкаларини лойиҳалаш ва поезд таркибларини харид қилиш жараёнида тегишли ечимларни назарда тутиш мумкин бўлади. Унинг маълум қилишича, пойтахт метрополитени йўловчилари орасида аёлларнинг улуши тахминан 40 фоизни ташкил этади.
Метрополитен вакили вагонларни гендер белгисига кўра ажратиш аёлларга нисбатан номақбул хатти-ҳаракатлар ва шилқимлик ҳолатларини камайтиришга ёрдам бериши мумкин, деб ҳисоблайди.
Аёллар учун алоҳида вагонлар бир қатор мамлакатларнинг транспорт тизимларида аллақачон жорий этилган. Улар қаторига Ҳиндистон, Миср, Бразилия, Эрон, Бирлашган Араб Амирликлари ва Япония киради.
Айрим мамлакатларда бундай поездлар ёки вагонлар доимий равишда хизмат кўрсатса, бошқаларида улардан фақат муайян соатлар ёки кунларда фойдаланиш мумкин. Шунингдек, қоидаларга кўра, аёлларга бундай вагонларга бошланғич мактаб ёшидаги ўғил болалар билан бирга киришга ҳам рухсат берилиши мумкин.