Иқтисод

Бухоро вилоятида Tekhnochem нефть-кимё кластери кенгайтирилади

Бухоро вилоятида Tekhnochem нефть-кимё кластери кенгайтирилади
Бухоро вилоятида Tekhnochem нефть-кимё кластери кенгайтирилади / Фото: Ўзбекистон Республикаси Президенти матбуот хизмати.

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Бухоро вилоятида Tekhnochem нефть-кимё кластерини кенгайтириш учун 292 млн доллар инвестиция киритиш режалаштирилмоқда.

Лойиҳа хомашёни қайта ишлаш бўйича йиллик қувватларни 400 минг тоннага ошириш ва 700 та янги иш ўрни яратишни назарда тутади. Бу ҳақда Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев корхонага ташриф буюргани давомида маълум бўлди.

Давлат раҳбари Бухоро туманида жойлашган мажмуа фаолияти, унинг ишлаб чиқариш имкониятлари ва келгусидаги ривожланиш режалари билан танишди.

Tekhnochem нефть, газ конденсати, нафта, метанол ва пиролиз дистиллятини қайта ишлашга ихтисослашган. Бу Ўзбекистондаги мазкур йўналишда фаолият юритувчи ягона мажмуа ҳисобланади.

Корхона 69 гектар майдонни эгаллаган бўлиб, унда қарийб 500 киши меҳнат қилади. Амалдаги ишлаб чиқариш қувватлари йилига 100 минг тонна пиролиз дистилляти, шунингдек, 160 минг тонна нафта ва газ конденсатини қайта ишлаш имконини беради.

Кластер ёқилғидан ташқари, кимё саноати учун зарур маҳсулотларни ҳам ишлаб чиқаради. Жумладан, октан-бустер бензиннинг хусусиятларини яхшилашда, эритувчилар эса бўёқлар, лаклар, елим ва маиший кимё маҳсулотлари ишлаб чиқаришда қўлланилади.

Мажмуани ривожлантиришнинг кейинги босқичини 2028 йил охиригача якунлаш режалаштирилган. Қиймати 292 млн доллар бўлган инвестиция лойиҳаси газ конденсати ва нафтани қайта ишлашни йўлга қўйиш, шунингдек, ароматик углеводородлар ва эритувчилар ишлаб чиқаришни назарда тутади. Лойиҳа амалга оширилгач, хомашёни қайта ишлашнинг умумий йиллик қуввати яна 400 минг тоннага ошади.

Ишлаб чиқаришни кенгайтириш қўшимча малакали кадрларга бўлган эҳтиёжни юзага келтиради. Шу муносабат билан Шавкат Мирзиёев касбий таълим тизими билан вилоят корхоналари ўртасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлаш зарурлигини таъкидлади. Талаб юқори бўлган мутахассислар қаторида технологлар, муҳандислар, кимёгарлар ва лаборатория ходимлари қайд этилди.

Экспорт режалари доирасида Tekhnochem ҳар йили Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон, Туркманистон, Афғонистон ва Европа Иттифоқи мамлакатларига қарийб 180 минг тонна нефть-кимё маҳсулотлари, автомобиль бензини ва дизель ёқилғиси етказиб беришни мақсад қилган.

Бундан ташқари, корхона 2028–2030 йилларда 150 минг тонна суюлтирилган газни қайта ишлаш лойиҳасини амалга ошириш бўйича хорижий ҳамкорлар билан музокаралар олиб бормоқда.

Ташриф якунлари бўйича Президент нефть-кимё кластерининг экспорт салоҳиятини ошириш ва янги ишлаб чиқариш қувватлари учун мутахассислар тайёрлаш юзасидан тавсиялар берди.

 

Дилафруз Ниязова
Дилафруз Ниязова

Дилафруз Ниязова 2025 йилдан буён UzDaily жамоасида фаолият юритиб, нашрнинг ўзбек тилидаги версияси учун масъулдир.