Иқтисод

Ўзбекистонда суюлтирилган газ етказиб беришда 1 217 та қоидабузарлик аниқланди

Ўзбекистонда суюлтирилган газ етказиб беришда 1 217 та қоидабузарлик аниқланди
Ўзбекистонда суюлтирилган газ етказиб беришда 1 217 та қоидабузарлик аниқланди

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — «Ҳудудгазтаъминот» АЖ 2025 йил ва 2026 йилнинг дастлабки тўққиз ойида ўтказилган 3 мингдан ортиқ кутилмаган текширув ва рейдлар натижасида суюлтирилган газни етказиб бериш ва сотиш соҳасида 1 217 та қоидабузарликни аниқлади. Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга юборилган материаллар асосида 19 та жиноят иши қўзғатилди.

Компания маълумотларига кўра, текширувлар давомида «бункер» деб аталувчи 471 та ихтисослаштирилган шохобча орқали суюлтирилган газни ноқонуний сотиш ҳолатларига чек қўйилди. Кўрилган чоралар натижасида қиймати қарийб 2 млрд сўм бўлган 193,6 тонна газ ҳамда умумий қиймати 8,7 млрд сўмлик 17 301 та маиший газ баллонининг ноқонуний сотилиши олди олинди.

Бундан ташқари, 2026 йилнинг тўққиз ойи давомида ўтказилган хизмат текширувлари натижасида 1,4 минг тонна суюлтирилган газ ва 10 626 та маиший газ баллони талон-торож қилингани аниқланди. Ҳуқуқий баҳо бериш учун ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга 25 та материал юборилди. Улар асосида жиноят ишлари қўзғатилди.

Айни пайтда компаниянинг комплаенс-назорат тузилмалари кутилмаган текширув ва рейдларни давом эттирмоқда. Шунингдек, қоидабузарликларнинг сабаблари ўрганилиб, уларнинг такрорланишининг олдини олиш чоралари кўрилмоқда.

«Ҳудудгазтаъминот» Ўзбекистондаги 3,73 миллиондан ортиқ аҳоли ва ижтимоий соҳага тегишли қарийб 2 мингта объектни суюлтирилган газ билан таъминлайди.

Компания таъкидлашича, назоратни кучайтириш чоралари суюлтирилган газ таъминоти тизимини ислоҳ қилиш доирасида амалга оширилмоқда. Президентнинг 326-сон қарорида бозор механизмларини ривожлантириш, соҳада шаффофликни ошириш ҳамда аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламларини давлат томонидан моддий қўллаб-қувватлаш назарда тутилган.

Аҳоли учун мўлжалланган суюлтирилган газни ноқонуний сотиш ҳолатлари ва бошқа қоидабузарликлар ҳақида истеъмолчилар «Ҳудудгазтаъминот»нинг ишонч телефони орқали хабар беришлари мумкин: +998 71 202-1104 ёки 1104. Шунингдек, мурожаатлар info@hududgaz.uz ва antikorruptsiya@hududgaz.uz электрон почталари, шунингдек, комплаенс-назорат бошқармасининг Telegram-боти орқали қабул қилинади: https://t.me/hgt_antikor_bot.

 

Дилафруз Ниязова
Дилафруз Ниязова

Дилафруз Ниязова 2025 йилдан буён UzDaily жамоасида фаолият юритиб, нашрнинг ўзбек тилидаги версияси учун масъулдир.