Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — 22 октябрь куни Остона шаҳрида бўлиб ўтган Қўшма комиссиянинг 29-йиғилишида МДҲ давлатлари вакиллари ноқонуний миграцияга қарши курашиш чораларини муҳокама қилди.
Ўзбекистон Ички ишлар вазирлиги делегациясига вазирлик ҳузуридаги Миграция ва персоналлаштириш департаменти бошлиғининг биринчи ўринбосари Улуғбек Мирзакамбаров раҳбарлик қилди.
Йиғилишда Арманистон, Беларусь, Қозоғистон, Қирғизистон, Россия ва Тожикистон вакиллари, шунингдек, Молиявий разведка бўлинмалари раҳбарлари кенгаши ҳамда МДҲ Ижроия қўмитаси вакиллари иштирок этди.
Иштирокчилар ваколатли органлар фаолиятини мувофиқлаштириш, ноқонуний миграция билан боғлиқ жиноятларнинг олдини олиш ва уларни аниқлаш, шунингдек, хорижий фуқаролар ҳамда фуқаролиги бўлмаган шахслар орасида ҳуқуқбузарликлар профилактикасини таъминлаш масалаларини кўриб чиқди. Хусусан, олий таълим муассасаларида ўқиш учун келаётган хорижий талабалар билан боғлиқ чора-тадбирлар муҳокама қилинди.
Миграция оқимлари устидан назоратни такомиллаштириш мақсадида тажриба алмашиш ва замонавий ахборот технологияларини қўллаш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.
Бундан ташқари, томонлар ўтган даврдаги қўшма фаолият якунларини сарҳисоб қилди ва комиссиянинг 2027 йилга мўлжалланган иш режасини кўриб чиқди.
Йиғилиш якунида иштирокчилар муҳокамалар натижаларини мустаҳкамловчи баённомани имзолади.