Ўзбекистон

Наманган вилоятида Польшада иш ваъда қилган эркак ушланди

Наманган вилоятида Польшада иш ваъда қилган эркак ушланди
Наманган вилоятида Польшада иш ваъда қилган эркак ушланди / Фото: ДХХ видеосидан олинган тасвир.

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Наманган вилоятида фуқароларни Польшага ишга жойлаштириш баҳонасида фирибгарлик қилишда гумонланаётган фирма раҳбари қўлга олинди.

Ўзбекистон Давлат хавфсизлик хизмати маълумотларига кўра, эркак тўрт кишини 10,4 минг доллар эвазига мавсумий ишга жойлаштиришни ваъда қилган.

Тезкор тадбир ДХХнинг Наманган вилояти бўйича бошқармаси ходимлари томонидан Бош прокуратура ҳузуридаги Департаментнинг ҳудудий бошқармаси билан ҳамкорликда ўтказилди.

Махсус хизмат маълумотларига кўра, фирма раҳбари Тўрақўрғон туманида яшовчи фуқаронинг ишончига кириб, уни ва яна уч нафар танишини Польшага мавсумий ишларга юборишни таклиф қилган. Ишга жойлаштиришда ёрдам бериш эвазига у 10,4 минг доллар талаб қилган.

Эркак келишилган маблағнинг бир қисми — 4,4 минг долларни олаётган вақтида ашёвий далиллар билан ушланди.

Ҳозирда ушланган шахсга нисбатан терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилмоқда.

ДХХ хорижда фуқароларни расмий ишга жойлаштириш билан фақат лицензияга эга агентликлар шуғулланишини эслатди.

Шу билан бирга, бошқа мамлакатларда иш топишга ёрдам беришни ваъда қилиб, фуқароларнинг пулларини ўзлаштиришга уринаётган шахслар билан боғлиқ ҳолатлар аниқланишда давом этмоқда.

 

Дилафруз Ниязова
Дилафруз Ниязова

Дилафруз Ниязова 2025 йилдан буён UzDaily жамоасида фаолият юритиб, нашрнинг ўзбек тилидаги версияси учун масъулдир.