Ўзбекистон

2026 йил кузида Тошкент ҳавоси тозаланди, аммо чанг ифлосланишнинг асосий манбаи бўлиб қолмоқда

2026 йил кузида Тошкент ҳавоси тозаланди, аммо чанг ифлосланишнинг асосий манбаи бўлиб қолмоқда
2026 йил кузида Тошкент ҳавоси тозаланди, аммо чанг ифлосланишнинг асосий манбаи бўлиб қолмоқда

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Оммавий ахборот воситалари учун контент тайёрлаш марказида куз фаслида атмосфера ҳавосининг ифлосланиш сабаблари ва оқибатлари, шунингдек, бу борада амалга оширилаётган чора-тадбирларга бағишланган брифинг бўлиб ўтди. Унда Green University ҳузуридаги Илмий-тадқиқот гидрометеорология институти директори Дониёр Тургунов иштирок этди.

Нима учун кузда ҳаво сифати ёмонлашади?

Куз фаслида ҳавонинг ифлосланиши бир нечта омиллар, жумладан, метеорологик шароитлар билан боғлиқ.

Кундузги ёруғлик давомийлиги қисқаради, ер юзаси эса тунда тез совийди. Бу ер юзасига яқин қатламда ҳарорат инверсияси ҳосил бўлишига олиб келади. Бунда илиқ ҳаво қатлами ер юзаси яқинидаги совуқ ҳавони гўё «қоплаб» қўяди.

Атмосферанинг аралашув содир бўладиган қатлами баландлиги ёздаги 2–3 километрдан бир неча юз метргача пасаяди, шамол сусаяди ва зарарли чиқиндилар шаҳар устида тўпланиб қолади. Сибир антициклонининг чекка ҳудудларида барқарор юқори босим майдонлари бундай ҳолатни бир неча кун давомида сақлаб туриши мумкин.

Иккинчи омил — табиий чанг. Марказий Осиё дунёдаги энг йирик чанг камарларидан бири ҳудудида жойлашган. Каспийбўйи, Қизилқум, Оролқум ва Жанубий Балхаш чўлларидан кўтарилган чанг бутун минтақада тарқалади. Сентябрь ва октябрь ойлари, одатда, нисбатан қуруқ келади. Ёғингарчилик кам бўлгани сабабли тупроқ чанги ҳавога осон кўтарилади.

PM2.5 заррачаларининг манбалари

Жаҳон банки ва Экология қўмитаси тадқиқотига кўра, Тошкентда PM2.5 майда заррачаларининг йиллик манбалари қуйидагича тақсимланади: шамол орқали тарқаладиган чанг — 36 фоиз, биноларни иситиш — 28 фоиз, транспорт — 16 фоиз, саноат — 13 фоиз. Қолган улуш шаҳар чанги ва чиқиндиларни ёқиш ҳиссасига тўғри келади. Бу кўрсаткичлар мавсумга қараб ўзгариб туради.

Жаҳон банкининг 2025 йилда эълон қилинган «Марказий Осиёда ҳаво сифатини бошқариш» ҳисоботига кўра, минтақа шаҳарларида тупроқ ва чўл чанги PM2.5 таъсирининг йиллик 20–50 фоизини ташкил этади. Бу кўрсаткич дунёнинг бошқа минтақаларига нисбатан анча юқори.

Туркманистонда табиий чанг PM2.5 таъсирининг 80 фоиздан ортиғини келтириб чиқаради. Мамлакатнинг ғарбий қисмида, Каспийбўйи ҳудудларида ва Қозоғистоннинг марказий қисмида чанг асосий ифлосланиш манбаи ҳисобланади. Тошкентда ҳам чанг ифлосланишнинг энг йирик алоҳида манбаи бўлиб қолмоқда. Кузда эса унинг таъсири иситиш мавсумида ёқилғи ёқиш натижасида ҳосил бўладиган чиқиндилар билан бирга намоён бўлади.

Ифлосланиш манбаларининг нисбати Тошкентнинг учта туманида махсус лабораторияда PM2.5 намуналарининг кимёвий таркибини таҳлил қилиш орқали аниқланган. Намуналар Юнусобод туманидаги Green University ҳудудидан, Олмазор туманидаги Тошкент давлат техника университети ҳудудидан ҳамда Мирзо Улуғбек туманидаги Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш муҳандислари институти ҳудудидан олинган.

28 сентябрдан 6 октябргача бўлган даврда табиий чанг компонентлари асосий улушни ташкил этган — 52–78 фоиз, ўртача эса 64 фоиз. 13–14 октябрь кунлари чанг улуши 47–52 фоизни ташкил этган.

Динамика: ҳаво сифати яхшиланди

2026 йилда ҳаво сифати 2025 йилга нисбатан сезиларли даражада яхшиланди. Тошкентдаги автоматик мониторинг станциялари маълумотларига кўра, 1 январдан 19 октябргача бўлган даврда PM2.5 заррачаларининг ўртача концентрацияси ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 28 фоизга, PM10 заррачалариники эса 32 фоизга камайган.

Куз фаслида фарқ янада сезиларли бўлди. 1 сентябрдан 19 октябргача PM2.5 концентрацияси 28 фоизга, PM10 концентрацияси эса 37 фоизга пасайди. Октябрь ойининг дастлабки 19 кунида бу кўрсаткичлар мос равишда 40 ва 56 фоизни ташкил этди.

Ўтган йили 11 кун давомида ҳаво сифати индекси (AQI) «зарарли» даражага етган бўлса, жорий йилда бундай кунлар кузатилмаган. PM2.5 кўрсаткичи бўйича ҳаво сифати «ўртача» ёки ундан яхши деб баҳоланган кунлар сони 21 тадан 38 тага кўпайган.

 

Дилафруз Ниязова
Дилафруз Ниязова

Дилафруз Ниязова 2025 йилдан буён UzDaily жамоасида фаолият юритиб, нашрнинг ўзбек тилидаги версияси учун масъулдир.